Юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган қалбимизда шукроналик уйғонади. Ана шундай дақиқаларда одамларнинг фаровон, хотиржам ҳаёт кечиришига муносиб ҳисса қўшиб келаётган мард, жасур, фидойи ички ишлар органлари ходимлари ҳақида илиқ фикрлар билдириш истаги туғилади.
Хўш, аслида тизимга қандай фазилатларга эга бўлганлар қабул қилинади? Ёш ходимларнинг юксак маънавиятли, руҳан, жисмонан кучли этиб тарбиялаш борасида қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратилмоқда? Биз Учқўрғон тумани ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Абдували Қаҳҳоровнинг бир кунлик хизмат фаолиятини ўрганиш асносида шу каби саволларимизга жавоб топдик.
Соҳадаги ҳар бир ходим темир интизомга риоя қилиши шарт. Ҳар куни эрталабки йўриқнома шахсий таркибнинг хизматга шайлигини текшириш билан бошланади. Ва шахсий таркибнинг кунлик қилинадиган ишлари белгилаб олиниб, ички тартиб-қоидалар, хизмат интизомига қатъий риоя қилиш, айниқса, фуқаролар билан муносабатда ҳурматни сақлаш ҳақида ходимлар огоҳлантирилади.
А.Қаҳҳоров туман ИИБ ЙҲХГ ходимлари билан авторейд тадбири ўтказаркан, ҲПБ профилактика инспекторлари — капитан Қобил Давронов, катта лейтенант Иброҳим Иномов, ЖҚБ тезкор вакили, капитан Музаффар Темиров, канселярия бошлиғи, сафдор Сардор Эралиевларнинг шахсий автомашиналари тегишли ҳужжатлари мавжудлигини текширди. Ходимларнинг ҳужжатларидан бирор камчилик аниқланмаган бўлса-да, уларга ҳамиша қонун-қоидаларга риоя этиши лозимлиги уқтирилди.
Туман ИИБ бошлиғи, подполковник Отабек Жабборов иштирокида бўлиб ўтган саф кўриги тадбирида шахсий таркибга саф низоми талаблари бўйича машқларнинг бажарилиши, хизмат гувоҳномаларининг амал қилиш муддатлари ва сақланишига эътибор қаратилди. Шахсий таркиб мамлакатда бўлаётган сиёсий жараёнлардан хабардор этилди.
Капитан А. Қаҳҳоров хизмат фаолияти давомида интизомий жазо чорасини олган ходимлар билан суҳбат ўтказишни ҳам канда қилмайди. Жазолаш тарбия воситаси эканлиги ҳар бир ходим ҳис қилиши лозим. Жазо чораси хизматдан кўнгил совушига олиб келмаслиги керак. Лавҳамиз қаҳрамони шу нуқтаи назарни ҳисобга олгани ҳолда, ЖҚБ тезкор вакили, капитан Абдулло Парпиев, ҲПБ профилактика инспекторлари, капитан Элмурод Пўлатов, лейтенант Ҳусниддин Деҳқонов билан якка тартибда суҳбат ўтказди. Мулоқот давомида уларни қийнаётган муаммолар, оилавий ҳаёти, ижтимоий аҳволи билан қизиқиб, хизмат интизомига риоя қилиш кераклигини эслатди.
Шундан кейин кунлик режасига мувофиқ, Мурожатлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори, маёр Рауф Давронов фаолиятини текширди. Сўнг катта лейтенант Жасур Абдувалиэвнинг хонадонида бўлиб, ота-онаси билан суҳбатлашди. Шу аснода ходимнинг бўш вақтларида нималар билан шуғулланишини суриштирди. Шунда деҳқончиликка уқуви борлиги туфайли лейтенант Ж. Абдувалиев ўз томорқасидан унумли фойдаланиб келаётгани маълум бўлди. Суҳбат ходимнинг ота-онасига миннатдорлик билдириш билан якунланди.
Кечки пайт туман ИИБ ходимлари учун спорт машғулотлари ўтказилди.
– Жисмоний машқлар, спорт ходимларнинг хизмат самарадорлигини оширади, – дейди Абдували Қаҳҳоров, — буни ҳис қилган ходимларимизнинг аксарияти мунтазам спорт билан шуғулланишади. Вилоят ички ишлар органлари ходимлари ўртасида бўлиб ўтган кўпкураш мусобақасида туман ИИБ жамоаси фахрли 2-ўринни, армрестлинг мусобақасида эса вакилларимиз фахрли 1-ўринни эгаллашди.
Эътирофга лойиқ ишлар, юқори натижа, ютуқ ҳамда муваффақиятлар ортида, албатта, меҳнат ётади. Учқўрғон тумани ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Абдували Қаҳҳоров буни яхши билади.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,
ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
