ИИВ ЖЦХ бошлиғи, подполковник Шерзод Ибрагимов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ички ишлар органлари ходимлари ўртасида кенг тарғиб қилиш, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар, яратиб берилаётган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида хизмат сафари билан Хоразм вилоятига келишди. Дастлаб, ишчи гуруҳи томонидан вилоят ҳудудидаги овчилик билан шуғулланувчи фуқаролар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Учрашувни вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, полковник Жаҳонгир Саъдуллаэв очиб, бу йўналишда соҳавий хизмат ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Очиқ ва самимий руҳда ўтган мазкур тадбирда подполковник Шерзод Ибрагимов сўзга чиқиб, “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамияти, маъмурий ва жиноий жавобгарлик оқибатлари юзасидан тушунтиришлар берди. Тадбирда пневматик ов қуролига эга бўлиш мақсадида ариза топширган 21 нафар фуқарога қурол сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномалар топширилди.

Ишчи гуруҳининг навбатдаги сафари Спортни ривожлантириш вазирлигига қарашли Урганч олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази бўлди. Улар бу ерда келажак эгалари бўлган спортчи ёшларга яратиб берилган имкониятлар билан танишди.

Шундан сўнг, ишчи гуруҳ аъзолари вилоят ички ишлар бошқармаси ўқув машғулотлар полигонида бўлиб, у ерда яратилган шароитлар билан танишиб, йиғма отряднинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини кўздан кечиришди. Шунингдек, Ҳазорасп тумани, Урганч шаҳар ИИОФМБ ҳамда вилоят ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бошқармасида ходимлар учун яратилган имкониятлар ҳамда патрулъ-пост хизмати ходимларининг иш унумдорлигини ошириш мақсадида йўлга қўйилган 3 босқичли хизмат жараёни билан ҳам яқиндан танишишди. Вилоят ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан яратилган “Хавфсиз ҳаёт” мобил иловаси ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётгани амалий жараёнларда кўрсатиб ўтилди.

Хизмат сафари якунида ишчи гуруҳ раҳбари ИИВ ЖЦХ бошлиғи, подполковник Шерзод Ибрагимов патрулъ-пост хизмати баталъони ходимлари билан учрашиб, ички ишлар органлари ходимларига етарли хизмат шароитларини яратиб бериш, хизматини муносиб тарзда рағбатлантириб боришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Тадбирда хизмат вазифасини бажаришга масъулият билан ёндошиб, самарали натижаларни қўлга киритиб келаётган патрулъ-пост хизмати саф бўлими ходимларидан бир гуруҳи муносиб тарзда рағбатлантирилди. Худойберган ЖАББОРОВ, “Постда” мухбири.