Асли Самарқанд вилояти Оқдарё туманида туғилиб вояга етган лавҳамиз қаҳрамони 14 ёшидан спорт билан мунтазам шуғулланиб келади. Ёш бўлишига қарамай, эркин кураш бўйича мамлакатимиз терма жамоаси аъзоси ҳамдир. Унга устози Саломат Кўчимова, терма жамоа бош мураббийи Александр Недорезовнинг сабоғи асқатмоқда. Ота-онаси Азамат ака ҳамда Зиёда опа фарзандининг болалигидан тиришқоқлигини кўриб, уни доимо қўллаб-қувватлаб келишган. Бу ҳам яхши маънода уни руҳлантирган.
Йиллар ўтиши билан мунтазам машғулотлар, юксак ирода ва сабр ортидан кучли спортчига айланган Шоҳидахон аста-секин юқори натижаларни қўлга кирита бошлади. Жумладан, 2018-йили Аргентинада ўтказилган ёшлар олимпиадасида кумуш медали соҳибаси бўлди. 2022-йили Кўния шаҳрида бўлиб ўтган Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам кумуш медалга эга чиқди. Шу тариқа ўша йили халқаро рейтингда ўз вазн тоифасида иккинчи натижани қайд этди.
2023-йили Ўмон давлатида ўтказилган Осиё чемпионатида, жорий йил бошида Россия Федерацияси ва Беларус Республикасида ташкил этилган халқаро турнирларда совриндорлар қаторидан жой олди. Бундан ташқари, Туркияда бўлиб ўтган халқаро гран-при турнирида 53 кг. вазн тоифасида барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медални қўлга киритди ва Тўмариснинг ҳақиқий издоши эканлигини кўрсатди. Бундан ташқари, у ўтган йиллар давомида 10 карра Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга ҳам сазовор бўлган.
– Авваламбор, ота-онамнинг дуоси ҳамда устозларимнинг йўл-йўриғи билан юқори натижаларга эришиб келмоқдаман. Қолаверса, ҳар бир ютуқ замирида, албатта, тинимсиз меҳнат, сабр ва фидойилик ётади, – дейди Шоҳидахон. — Мақсадим юртимиз байроғини халқаро майдонларда, олимпиада ўйинларида баланд кўтарган ҳолда дунё ҳамжамиятига янада танитишдир.
Намунали ҳарбий хизматчи, ўз йўналиши етакчиларидан бўлган Ш.Аҳмедовага келгусидаги нуфузли мусобақаларда ҳам муваффақиятлар тилаб қоламиз!
Аброр ПОЁНОВ,
ўз мухбиримиз.
Вадим ТЎХТАЕВ,
оддий аскар.
