Изқуварлар жиноятларни фош этишда бири иккинчисига занжирдек боғланган ҳолатларни синчиклаб ўрганишади. Ёки суриштирув жараёнида мутлақо кутилмаган воқеликлар ҳам содир бўлиб туради.

Учқўрғон тумани ИИБ Тезкор-қидирув хизмати Жиноят қидирув бўлинмаси тезкор вакили, капитан Адҳамжон Машраббоев 2023-йилда фош этилмаган ўғрилик жиноятини очиш мақсадида жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман суди томонидан чиқарилган ажримга асосан, гумонланувчининг изидан тушиб, туманда истиқомат қилувчи яна бошқа бир фуқаро 1968-йилда туғилган Р.К. хонадонида тинтув ўтказади. 

Тезкор ходимнинг кутилмаган ташрифи Р.К.ни шошириб қўйди. Текширув жараёнида унинг хонадонидаги темир сейфдан 11 нафар шахсга тегишли фуқаролик паспортлари, 6 дона автотранспорт воситаларини қайд этиш гувоҳномаси, яна шунча ҳайдовчилик гувоҳномаси, 1 донадан «Ипҳоне 14» ва «Редми» русумли телефон аппаратлари ва 1 жуфт сирға борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Р.К. фуқароларга фоизга пул бериб, ушбу буюм ва ҳужжатларни гаров сифатида сақлаб келаётганлиги маълум бўлди. 

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув жараёнлари бошланди. Шундан сўнг Р.К. чора кўрмаслик ва ишни унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига жиноят қидирув ходимига бир неча бор пора таклиф қилди. Ходим унга бу иши қонунга хилоф эканини тушунтирса ҳамки, эшитишни хоҳламади. 

Ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Р.К. капитан А. Машраббоевга 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида бераётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ходимнинг виждони бундай номақбул таклифни қабул қилмади. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,

ўз мухбиримиз.

Наманган вилояти.