Яқин тарих саҳифаларидан
Мамлакатимиз ички ишлар органларининг ташкил топиши ва шаклланишида халқимизнинг кўплаб ватанпарвар, мард ва фидойи ўғлонларининг ҳиссаси беқиёс бўлган. Шулардан бири ўтган аср бошларида Хива шаҳрида иш бошлаган милиция бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган Назир Шоликоровдир.
1920-йил 2-феврал куни пойтахти Хива шаҳри бўлган Хоразм Халқ Республикаси тузилгани эълон қилинишди. Шундан сўнг республикада ҳуқуқ-тартиботга қатъий амал қилинишини таъминловчи махсус тузилмага эҳтиёж тиғилди. Таркиби, вазифалари ва иш услуби Хива хонлиги давридаги миршаблик тузумидан кескин фарқ қилувчи ишчи-деҳқон милицияси ана шундай ташкилотлардан бири бўлиши керак эди. Шу боис, орадан кўп ўтмай, аниқроғи, шу йилнинг 9-апрелида Хоразм Халқ Республикаси ҳукумати бир неча нозирликлар қатори Ички ишлар нозирлигини ҳам таъсис этди. «Мамлакатда милиция бошқармасини ташкил этиш ва Хива шаҳрини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қарорга кўра, милиция бошқармаси Ички ишлар нозирлиги таркибида эмас, балки Адлия нозирлиги қошида тузилганлиги қайд қилинди. Адлия нозири лавозимига ўз даврида ҳуқуқий билими, тажрибаси билан халққа танилган давлат арбоби Бобоохун Салимов, милиция бошқармаси бошлиғи сифатида «Ёш хиваликлар» ҳаракатининг фаолларидан бири Назир Шоликоров тайинланди.
Назир Шоликоров 1881-йилда Хива шаҳрида савдогар Қурбонниёз Шоликоров хонадонида туғилган. Дастлаб у Хивадаги эски мактаб ва мадрасада таҳсил олади. Кейинчалик Оренбург, Москва, Санкт-Петербург шаҳарларига савдо ишлари билан бориб, рус тилини ўрганади.
У дунё кезиб, Европа маданияти, илм-фани ютуқлари билан танишган, шунинг учун ҳамон ўрта аср руҳидаги ишлаб чиқариш ва бошқарув ҳукмронлик қилаётган Хива хонлигида ислоҳотлар ўтказиш тарафдори бўлган. Шу мақсадда 1904-йили ташкил этилган «Жамияти хайрия» уюшмасига биринчилардан бўлиб аъзо бўлади. Ташкилотнинг асосий мақсади ўлкада жадид мактабларини очиш ва маърифатпарварлик ғояларини кенг тарқатишдан иборат эди.
Бундан ташқари, 1914-йил августда «Ёш хиваликлар» партиясини тузишда Назир Шоликоров Полвонниёз ҳожи Юсупов, Бобониёз Жуманиёзов, Ҳусаинбек Матмуродов, Худойберган Девонов ва Бобоохун Салимовлар билан бир сафда бўлади. Партиянинг фаол аъзоси сифатида Исфандиёрхон ва Жунаидхон, кейинчалик совет маъмурлари томонидан таъқиб қилинишига қарамасдан, табиатан адолатпарвар ва ўта жасур инсон бўлгани учун ҳам олиб бораётган курашдан асло тўхтамайди.
Н. Шоликоров 1920-йилда Хива хонлигининг тугатилиши ва Хоразм Халқ Республикасини барпо этилишида фаол қатнашган.
Назир Шоликоров 1920-йил 9-апрелдан бошлаб милиция бошқармасининг бошлиғи сифатида фаолият кўрсатади. Милиция сафларига адолатпарвар, фидойи кишиларни ишга олишга ҳаракат қилади, ўз билим ва тажрибаларини ўргатиб, уларга амалий ёрдам беради. Афсуски, унинг милиция бошқармаси бошлиғи сифатидаги фаолияти узоқ давом этмайди. Бир йиллик фаолиятидан сўнг, 1931-йилга қадар янги очилган кооперативда, Хива шаҳар мудофаа бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб, пенсияга чиқади. Аммо таъқибдан қутула олмайди. 1933-йилда қамоққа олиниб, 5 ой давомида қамоқда бўлади.
Мустабид тузум қатағонлари халқимизнинг кўплаб мард фарзандларининг умрига зомин бўлди. Минг таассуфки, Назир Шоликоров бу қатағондан четда қолмади. 1937-йил 25-август куни уни қамоққа олиш учун қайта қарор қилинади. Унга Файзулла Хўжаев, Давлат Ризаев каби «халқ душманлари»нинг «думи», Англия агенти, деган айбловлар қўйилади.
Тарихчи олим Баҳром Ирзаев Н.Шоликоровнинг сўнгги кунлари ҳақида шундай ёзади: «Унинг иши 1938-йил 5-октабр куни соат 10:10 дан 10:25 гача давом этди. Суд баённомасида ёзилишича, у ўзига қўйилган барча айбларини тан олган ва сўзининг сўнгида ўзининг жонини асраб қолишларини сўраган эмиш... Ваҳоланки, Назир Шоликоров 4-октабр тунида отиб ташланган эди...»
Манбаларда келтирилишича, 1937-йил 25-август куни тўлдирилган анкетада Н.Шоликоровнинг оила аъзолари, яъни турмуш ўртоғи Бибижон Машарипова (42 ёш), қизлари Азизахон (18 ёш), Ҳожархон (9 ёш), Сорахон (6 ёш), ўғли Файзулла (4 ёш) ва кенжа қизи Марямхон (4 ойлик)лардан иборат деб кўрсатилган. Унинг қариндошларидан бири Собир Шоликоров эса: «Биз Назир бувамнинг кенжа қизи Марям аммамиз билан доимий қариндошлик алоқасида бўлганмиз. У киши Тўрткўлда яшарди, 2004-йил вафот этган...», дея гувоҳлик беради.
1958-йил 8-март куни Н.Шоликоровнинг турмуш ўртоғи Бибижон Машарипова ички ишлар органига ариза билан мурожаат этади. Шундан сўнг Назир Шоликоровнинг иши қайта кўрилиб, ўша йилнинг 4-декабрида собиқ иттифоқ Олий суди ҳарбий коллегияси томонидан оқланади.
Худойберган ЖАББОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
