Ҳазорасп туманида хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасида маҳаллий ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, судланган, яшаш манзилидан узоқ муддатга чет давлатларга кетган хотин-қизлар билан кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Маҳаллаларда тегишли ташкилот ва идораларнинг вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар бир оиладаги хотин-қизларнинг турмуш тарзи атрофлича ўрганилиш билан биргаликда, уларга амалий жиҳатдан ёрдам ҳам кўрсатиляпти.

  – Туманимиз ҳудудида 2368 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, улар билан тегишли ташкилотларнинг вакиллари ҳамкорлигида тизимли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Ҳазорасп тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, катта лейтенант Анапошша Қурбонова. – Ўтган йил давомида улардан 340 нафарининг муаммолари ўрганиб чиқилди. Натижада 97 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 124 нафарига маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан моддий, 78 нафарига эса, психологик ёрдам кўрсатилди. Ногиронлиги бўлган 9 нафар хотин-қиз ногиронлик аравачалари билан таъминланди. Таъзиқ ва зўравонликдан жабрланган 329 нафар аёлга ҳимоя ордери берилиб, ушбу оилалар алоҳида эътиборга олинди. Шунингдек, ажрим ёқасига келиб қолган 48 нафар хотин-қизлар яраштири лди. Пробасия гуруҳи рўйхатида бўлган 24 нафар хотин-қизлар билан психологик ҳамда профилактик суҳбатлар олиб борилди. Айни кунда бу каби тадбирлар белгиланган режа асосида давом этмоқда.  

  Соҳа ходимлари оила-турмуш муносабатлари доирасидаги низоларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида хонадонларга чиқиб, хотин-қизларнинг турмуш тарзи, оилавий аҳволи ҳамда муаммоларини ўрганиб боришяпти. Амалга оширилаётган бу каби профилактик тадбирлар натижасида хотин-қизлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг, оилалардаги ажримларнинг ҳамда низоли ҳолатларнинг олди олинмоқда. 

                                      Худойберган ЖАББОРОВ,

                                          “Постда” мухбири.