Унинг касб танлови тасодифий бўлмаган. Аниқроғи, болалигидан узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали хизмат қилган отаси, айни пайтда истеъфодаги подполковник Нормурод Бердимуродовга ҳавас қилиб вояга етган.  

– Отам ички ишлар органлари ходими бўлганидан доим фахрланганман, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Улардек хизмат либосини кийиш орзуси йўлида отамнинг йўл-йўриқ, маслаҳатлари менга куч, иштиёқ бағишлаган. Кейинчалик тақдир йўлларим ҳам ички ишлар органлари ходими, ҳозирда истеъфодаги маёр Фурқат Эргашевга туташди. Биз оилада ҳам, хизматда ҳам бир-бири­мизга қўшқанот бўлдик. Қайнотам истеъфодаги полковник Қобилжон Эргашев ҳам шу соҳада узоқ йиллар самарали хизмат қилганлар.

2011-йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган Вазира шу йилнинг ўзида ички ишлар органларига хизматга кирган. Дастлаб Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида хизмат қилди. 2019-йилдан Самарқанд шаҳар ИИОФМБ 9-сонли ИИБ хотин-қиз­лар масалалари бўйича инспектори лавозимида хизмат қилиб келмоқда. У хизмат олиб бораётган ҳудудда 27 та маҳалла ва 45 мингдан зиёд хотин-қизлар бўлиб, улар орасида кам таъминланган, ҳуқуқий ҳимояга муҳтожлар ҳам бор. Йил бошидан буён тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 48 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди, бунда такрорий ҳолатлар ҳам бўлди.

Капитан Вазира Бердимуродованинг таъкидлашича, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг сабабларидан бири оилавий-маиший муносабатлардир. Ташвишлиси, фуқаролар ҳар доим ҳам зудлик билан мурожаат қилмайди. 

– Яқинда бир оилада келишмовчиликнинг олдини олдик, – дейди капитан Вазира Бердимуродова. – Эр мунтазам равишда ҳомиладор хотинини рашк туфайли калтаклаб келган. Биз аёлга ҳимоя ордери бердик. Унинг эрини эса ишга жойлаштирдик. Баъзи оилаларда зудлик билан аралашув­ни талаб қиладиган оилавий можаролар ҳам бўлиб туради. Ходимлар низо ва жанжалларни ўз вақтида бартараф этиш асносида янада оғир оқибатларнинг, жумладан, жиноятларнинг олди олинади, албатта.

Лавҳамиз қаҳрамони хонадонида беш фарзанднинг меҳрибон онаси. 

У кутилмаган тасодифларга тўла қайноқ иш кунидан кейин ҳамиша севимли оиласи бағрига интилади.

– Иш билан бир қаторда, фарзанд тарбиясига ҳам эътибор қаратишим зарур, – дейди у. – Оилам менинг суянчим, эртанги ҳаётимдаги бир-биридан гўзал кунлар учун руҳлантирувчи севимли ошёндир. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олаётган қизим билан фахрланаман. У учта хорижий – италян, инглиз ва рус тилларини яхши билади. Ҳар бир она учун фарзандларининг муваффақиятини кўришдан ортиқ бахт йўқ.

Капитан В. Бердимуродова ҳар бир ҳаётий вазиятни тушуниш, аҳоли билан ишончли муносабатлар ўрнатишни хизматининг муҳим жиҳати, деб билади. Бунда у фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар зарур вазиятларда ёрдам сўраб мурожаат қиладиган жойи борлигини билиши керак, деб ҳисоблайди. Ва ҳамиша уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳаракат қилади.

Замира БОЛТАЕВА, 

ўз мухбиримиз.

Самарқанд вилояти.