Қишнинг дастлабки даврида ўтқазилган дарахт ва гул кўчатлари юз фоиз тутиб кетади, деб эшитган эдим. Қолаверса, ҳавони тозалашда дов-дарахтларнинг аҳамияти катта. Шу мақсадда ҳар йили мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилади.   

Айни кунларда ҳам “Тозалик ва озодалик ойлиги” доирасидаги экологик ва ободонлаштириш ишлари билан уйғун равишда кузги ниҳол экиш ишлари бошланди. Шунингдек, боғбону деҳқонларимиз ва хонадон соҳиблари мевали дарахтларни бутаб, шакл беришга киришди. 

Ҳар йили ёзги, пишиқчилик пайти мени бир нарса қийнаб қўяди. Ҳовлидаги ўрик дарахтлардан бирини пашша талайди. Бу, халқ тили билан айтилганда: “ширинча” босади. Ёши улуғлар билан маслаҳатлашганимда дарахтнинг пастига қўй жунига техника “маз”и суртиб бойлашни айтишган эди. Яқинда ижтимоий тармоқларни титкилаганимда дарахтларнинг пастки қисмига махсус “Яшил белбоғ”лар ўрнатилаётганини ўқиб қолдим ва муаммога ечим топдим:

“Ушбу усулнинг моҳияти шундаки, қиш мавсумида зараркунандалар совуқдан сақланиш учун иссиқ жой қидиради ва дарахт таналарига ўрнатилган белбоғларга жойлашиб олади. Кейинчалик мазкур белбоғлар ечиб олиниб, йиғилган зараркунандалар ёқиб юборилади. Бу эса келгуси мавсумда боғлар ҳосилдорлигига зарар етказучи ҳашоратлар сонини кескин камайтиришга хизмат қилади.” 

–Белбоғ қўйиш усули қадимдан миришкор боғбонлар томонидан қўлланиб келинаётган энг самарали тадбирлардан биридир, –дейди Ғиждувон туманининг энг чекка “Оқработ” маҳалласида яшовчи, ниҳолчи-боғбон Қиём бобо Ғайбуллаев. –Мазкур усул кимёвий воситаларсиз экологик тоза ва табиий йўл бўлан зараркунандалар популясиясини камайтиришга ёрдам беради. Бугунги кунда ҳам бу тажриба замонавий агротехник чоралар билан уйғунлаштирилиб, самарали натижа бермоқда. 

Хулоса қилиб айтганимизда, боғ ва мевазорларда олиб борилаётган ишлар, айниқса, зараркунандаларга қарши кураш тадбирларининг эрта бошланиши келгуси мавсумда серҳосил йилни таъминлайди. Ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз. Шундай экан, дарахтларга “Яшил белбоғ” боғлашни йўлга қўялик.   

Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.