Шундан сўнг Худойберди отасининг бош кийимини кийиб:
– Катта бўлсам, сизга ўхшаб мана шундай форма кияман, – дерди ҳавас билан.
– Илоҳим, ниятингга ет, ўғлим. Фақат бунинг учун спорт билан шуғулланишинг, чиниқишинг, яхши ўқишинг керак, – дерди Эгамберди ака ундан хурсанд бўлиб.
Шунда у ҳар гал отасига ўзича қатъият билан ваъда берарди...
Худойберди ваъдасининг устидан чиқиб, спорт билан ҳам шуғулланди, мактабда яхши ўқиди ҳам. Интилганга толе ёр, деб бежиз айтилмаган.
Чин кўнгилдан орзу қилсангиз, астойидил интилсангиз бир куни ниятингиз рўёбга чиқаркан.
2006-йили Худойберди учун омадли келди – сафдор унвони берилиб, вилоят ИИБ ЙҲХБ 1-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ инспектори лавозимига қабул қилинди. 2008–2014-йилларда кичик сержант Х.Шодмонов вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХО штаби катта инспектори, 2014–2018-йилларда эса вилоят ИИБ ЙҲХБ Маъмурий амалиёт бўлими инспектори лавозимларида хизмат қилиб, соҳанинг паст-баландини пухта билиб олди. Офицер бўлиш ниятида 2018-йили ИИВ Академиясининг сиртқи йўналишига ўқишга кирди. Бўлажак офицер ўша йили вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХО 5-сафарбарлик гуруҳи командири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Лавҳамиз қаҳрамонининг галдаги нияти ҳам амалга ошиб, 2022-йилда ИИВ Академиясини муваффақиятли тугатгач, унга лейтенант унвони берилди. Худойберди Шодмонов ҳозирда вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 3-сафарбарлик гуруҳи командири лавозимида фолият юритиб келяпти.
Буни қарангки, тизимда иш бошлаганига ҳам кўз очиб юмгунча ўн саккиз йилдан ошибди. Узоқ йиллик фаолияти давомида қанчалаб қийинчиликларни енгиб ўтмади, дейсиз. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қоидабузарларни аниқлаш, ҳаракат иштирокчиларининг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини юксалтириш борасида кўплаб ишларни амалга оширди.
Соҳа вакилларига қоидабузарлар қилғилиғини яшириш учун пора таклиф қилиш ҳолатлари учраб туради. Буни Х.Шодмонов ўз тажрибасидан яхши билади. У ҳалоллиги, юзи ёруғлиги учун раҳбариятнинг назаридан тушмай келяпти.
Яқинда Ғиждувон тумани ҳудудида жойлашган «Сармижон» мунтазам ЙПХ масканида Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида яшовчи А.А. томонидан тақдим этилган ҳайдовчилик гувоҳномаси қалбаки эканлигини аниқлади. Ҳайдовчига ушбу ҳолат юзасидан баённома расмийлаштириб, ҳужжатини олиб қўйишини тушунтирди. Аммо А.А. ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолиши эвазига 100 АҚШ доллари таклиф қилди. Лейтенант Х. Шодмонов ҳайдовчига бу ҳаракати жиноят эканлигини тушунтирди. Шунга қарамасдан ҳайдовчи унга чора кўрмаслигини илтимос қилиб, қайта-қайта пул таклиф қилаверди.
Лейтенант Худойберди Шодмонов мазкур ҳолат бўйича вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилди. Унинг билдиргиси асосида тегишли соҳавий хизмат ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир чоғида А.А. жиноят устида ушланди. Пора сифатида берилган 100 АҚШ доллари эса холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олинди.
– Раҳматли отамиз бизларни тарбиялашда қаттиққўл, талабчан эди. Энди ишга кирган пайтимда: «Хизматинг асосан йўлда кечади. Аввало, ҳайдовчиларни ҳурмат қил, уларга хатоларини такрор-такрор тушунтиришдан эринма. Хатосини англаса, бу сенинг ютуғинг. Энг асосийси, ҳалолликни ўзингга шиор қилиб ол. Шунда касбингдан барака топасан. Хизмат интизомига қатъий амал қилсанг, кам бўлмайсан», деб тайинлаганди. Отамнинг ушбу ўгитларини доимо ёдда тутаман, – дейди лейтенант Худойберди Шодмонов.
Ҳақиқатан ҳам, лавҳамиз қаҳрамони отасининг йўл-йўриқларига, ўгитларига амал қилиб кам бўлмади. Қайси бир ҳамкасбидан сўраманг, лейтенант Худойберди Шодмоновни намунали гуруҳ командири, фидойи ходим сифатида ҳурмат билан тилга олади.
Мирзоқул АҲАДОВ,
ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
