Бухоро тумандаги Галаосиё деҳқон бозорига туташ М-З7 “Самарқанд¬Бухоро-Туркманбоши” автомобил йўлининг 258,5 км қисмида жорий йил июн ойида пиёдалар ер ости ўтиш йўли қурилиши бошланган эди. Яқинда иншоот қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Бу аҳолига ўзига хос байрам туҳфаси бўлди. Зеро, бу иншоот йўлдаги тирбандликни камайтиришда, автомобиллар ёқилғиси сарфини камайтиришда, пиёдалар хавфсизлигини таъминлашда қўл келади. Шунингдек, Бухоро шаҳрида энг гавжум ва тирбанд нуқталардан бири саналган Қаюм Муртазоэв кўчаси, марказий дорихона биноси олдида бажарилган лойиҳа туфайли эндиликда ундан бир кеча-кундузда 5 мингдан кам бўлмаган йўловчи фойдаланиш имконига эга бўлди.
Муҳаммад Иқбол кўчасида, Бухоро давлат университети олдида бунёд этилган навбатдаги замонавий услубдаги ер ости пиёдалар ўтиш йўли иншооти ҳам фойдаланишга топширилди.
Янги йил шодиёнаси олдидан “Жондор” автошоҳбекати рўпарасида ҳам қулай ва замонавий услубдаги ер ости пиёдалар ўтиш йўли барпо қилиниб, фойдаланишга топширилгани юртдошларимизга байрам туҳфаси бўлди.
Тўртта ер ости пиёдалар ўтиш иншоотининг фойдаланишга топширилиши катта тантанага айланди. Тадбирларда вилоят сектор раҳбарлари, йўл қурилишига дахлдор идора ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда ер ости пиёдалар ўтиш йўллари қурилишида алоҳида жонбозлик кўрсатган йўлсоз муҳандис-қурувчилар меҳнати алоҳида эътироф этилди ва улар муносиб рағбатлантирилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
