Ўша кезлари ҳамманинг эътибори туман ИИБ Давлат автомобил назорати (ДАН) бўлинмасига бор-йўғи бир неча кун илгари бошлиқ этиб тайинланган Одилжон Дадажоновга қаратилган эди. Бошқа ҳудуддан раҳбар бўлиб келган ёш ходим ўзининг дастлабки жиддий синовида қандай маҳорат ва профессионаллик кўрсатаркин, деган савол кўпчиликни ўйга соларди.
Одилжон Дадажонов воқеа жойига етиб келгач, ҳиссиётларга берилмай, йўл четини синчковлик билан кузата бошлади.
У яхши биларди: жиноятчи қанчалик усталик билан яширинишга уринмасин, барибир из қолдиради. Бир пайт унинг нигоҳи йўл четидаги ўтлар орасида ялтираб турган шиша бўлагига тушди. Бу автомашина фарасининг синган ойнаси эди. Кўп ўтмай, бу ўша даврнинг энг оммабоп ва нуфузли автоуловларидан бўлган «ГАЗ-24» русумли автомашинанинг ўнг томон фара синиқлари экани маълум бўлди.
Янги раҳбарнинг қатъий таклифи билан тезкор режа ишлаб чиқилди. Шунга кўра, Сижжак қишлоғи ҳудудидаги хонадонлар, дала ҳовлилари участка нозирлари томонидан кўздан кечирила бошланди. ДАН ходимлари эса Чирчиқ ва Тошкент шаҳарларида рўйхатда турган «Волга» машиналарининг ҳаракат йўналишларини синчиклаб таҳлил қилишга киришди. Юксак касбий маҳорат ва тезкорлик сабаб, бир сутка ўтмай, инсон ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи аниқланиб, қўлга олинди.
Бу Одилжон Дадажоновнинг тоғли тумандаги сермашаққат фаолиятининг дебочаси эди. Унинг иш тажрибасида бу каби мураккаб вазиятлар, тезкор очилган жиноятлар жуда кўп бўлган.
Тоғли ҳудудда муваффақиятли фаолият кўрсатган қаҳрамонимиз
1985 йилда Тошкент тумани ИИБ ДАН бўлинмаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Одилжон Дадажонов хизмат фаолияти давомида, аввало, жамоада ҳамжиҳатликни ва ўзаро ишонч муҳитини ярата олди. Кўрилган изчил чора-тадбирлар натижасида туманда йўл-транспорт ҳодисалари ва улар билан боғлиқ жиноятлар сони кескин камайди.
Йиллар дарёдек оқиб ўтади. Ички ишлар органларидаги хизматини оддий инспекторликдан бошлаб, туман ИИБ ДАН бўлинмаси бошлиғи даражасигача кўтарилган истеъфодаги маёр Одилжон Дадажонов қутлуғ 80 ёшини қаршилади.
Вақт – олий ҳакам.
У сочларга оқ оралатади, юзларга йиллар муҳрини босади, аммо касбга бўлган муҳаббатни, Ватанга берилган қасамёдга садоқатни заррача заифлаштира олмайди. Истеъфодаги маёр Одилжон Дадажоновнинг саксон йиллик умр дафтарини варақлаганимизда эса, унда фақат бир соҳа ходимининг эмас, балки адолат учун урган буюк бир қалбнинг уришини тинглаймиз.
Аброр ПОЁНОВ,
катта сержант.
Тошкент вилояти.
