Мамлакатимизда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, захирага бўшатилган ёшлар эътибордан четда қолмайди. Кўпгина йигитлар шартнома асосида хизмат қилишда давом этади.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида туғилган Жамшид Холмирзаэв мактаб йиллариданоқ ички ишлар органларида хизмат қилган тоғаси Абди акага ҳавас қилди. 

Мактабни тугатгач, у ҳеч иккиланмай Жамоат хавфсизлиги университетига ҳужжат топширди ва ўқишга кирди. Таълим муассасасини битиргач, 7535-сонли ҳарбий қисмда фаолиятини бошлади. Ўтган йили ёш офисер Андижон шаҳридаги 7553-сонли ҳарбий қисмга ўтказилди. 

– Ватан ҳимоячиси бўлиш ҳар бир фуқаронинг шарафли вазифасидир, – дейди лейтенант 

Ж. Холмирзаев. – Юртимизни турли таҳдидлардан сақлаш, уни ҳимоя қилиш ва ўз муқаддас бурчимизни адо этиш ҳар биримизга, Ватан ўғлонларига боғлиқ.

Шаҳбоз Ҳамроэв Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида вояга етган. У Чегара қўшинларида ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, шартнома асосида хизматни давом эттиришга қатъий қарор қилди. Ҳозир оддий аскар Ш.Ҳамроев учинчи тоифали назоратчи-ўқчи. Бу йил у офисер бўлиш учун Жамоат хавфсизлиги университетининг сиртқи бўлимига ўқишга кирмоқчи.

– Армия – тартиб-интизом, қатъий кун тартиби, тегишли мутахассисликни ўзлаштириш имконияти демак. Биз бу жасорат, чиниқиш ва чидамлилик мактабидан ўтиб, ҳақиқий йигит бўлиб шаклланамиз, – дейди оддий аскар Ш. Ҳамроев.

Ўктам Ҳамроэв эса Қарши шаҳрида туғилиб ўсган. У ўтказиш-назорат пункти бошлиғи. Келажакда ўқитувчи бўлишни орзу қилади ва шу мақсадда бу йил Андижон давлат университети тарих факултетининг сиртқи бўлимига ўқишга киришни ният қилган.

– Армия менга энг муҳим жиҳатни – инсонларнинг фарқига боришни ўргатди, – дейди 

Ў. Ҳамроев. – Ҳақиқий дўстларнинг қадрига етиш, устувор вазифаларни белгилашни хулқ-атворига сингдирдим. Энг муҳими, ҳарбий хизмат руҳни чиниқтиради, мард ва жасур қилиб тарбия­лайди.

Борис КЛЕЙМАН.

Андижон вилояти.

Суратда: (чапдан) оддий аскар Шаҳбоз Ҳамроев, лейтенант Жамшид Холмирзаев, оддий аскар Ўктам Ҳамроев.