Ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан йўлларда хавфсизликни таъминлаш борасида нафақат ҳайдовчилар, балки пиёдалар, айниқса, болалар ўртасида профилактик тадбирлар ўтказилиб, уларнинг соҳага оид билимларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Шундай бўлса-да, афсуски, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига беписанд муносабатда бўлиш ҳоллари кўплаб учрамоқда. Ачинарлиси, йўл қоидаларига амал қилинмаслиги инсонларнинг соғлиғи ёмонлашуви, одамлар ўлими ёки бошқа оғир оқибатлар билан якунланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузишда ифодаланади. Ушбу моддага кўра, транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, жиноий жавобгарлик юзага келади. Мазкур қилмиш одам ўлишига ёки одамлар ўлимига, бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлганда эса, оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади ва Жиноят кодексининг 266-моддаси тегишли қисмлари билан малакаланади.

Баъзан ҳайдовчилар, баъзан пиёдаларнинг айби билан турли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлмоқда. Йўлларда ҳаракатланаётганда қоидаларга амал қилиш ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчисининг бурчидир. Шундай экан, қоидаларга амал қилинг, йўлларда ҳушёр бўлинг!

Нозим ҒУЛОМОВ,

ИИВ Транспорт ва туризм объэктларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ҳузуридаги Тергов бошқармаси ЎМИБ терговчиси.