Онажоним – Навоий вилояти ИИБ Молиявий таъминот хизмати катта мутахассиси, лейтенант Венера Абдуллаева мен учун ҳаётимда бамисоли йўлчи юлдуз. Болалигимда унинг ўта интизомли ва масъулиятли эканига ҳавас қилардим. Қолаверса, юрт осойишталигини таъминлашга ҳисса қўшаётганидан фахрланардим.
Ана шу ҳавас ва фахр туйғуси мени ИИВ Навоий академик лицейига бошлаб келди. Ушбу таълим муассасасини имтиёзли диплом билан тамомладим. Бугунги кунда ИИВ Академияси 2-босқич курсантиман. Мазкур нуфузли олий ўқув юртига киришимда онамнинг фидойиларча хизматлари учун берилган тавсиянома муҳим аҳамият касб этди.
Бу ишонч менга катта масъулият юклади. Академияда намунали хулқим ва аъло баҳоларим учун ота-онам номига ташаккурнома юборилганидан ғурурланаман. Ҳаётимда эришган ҳар бир ютуғим, аввало, ота-онамнинг меҳнати, тарбияси ва дуолари туфайлидир.
Мен инглиз тилида эркин мулоқот қила олишимнинг тасдиғи сифатида ИЭЛЦ сертификатига эгаман. Бироқ энг муҳим «сертификатим» — бу ҳалоллик, интизом, Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат бобида онам берган ҳаётий сабоқлардир.
Онажоним, фурсатдан фойдаланиб Сизни Халқаро хотин-қизлар куни билан муборакбод этаман. Сизнинг меҳрингиз ва ишончингиз менга куч-қувват беради. Доимо юзингизни ёруғ қилишга, Сизга муносиб фарзанд бўлишга ваъда бераман.
Муҳаммадабдулло БАҲОДИРОВ,
ИИВ Академияси курсанти.
