Бухоро давлат университетини тугатиб, шаҳардаги 8-сонли умумтаълим мактабида психолог лавозимида ишладим. Бироқ ёшликдаги орзуим мени тинч қўймасди. Яхши ниятлар билан 2021-йилда хизматни дастлаб вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимида бошлаган бўлсам, ҳозир Бухоро шаҳар ИИОФМБ 1-сонли Иибда профилактика инспектори лавозимида ишлаб келяпман. Бухоро давлат университети талабалари ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириб, барча соҳавий хизматлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ва муассасалар, туман ва вилоят ҳокимликлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг барча институтлари билан ҳамкорликда профилактик ишларни олиб бормоқдамиз. Ёшларнинг яшаш жойлари ўрганилиб, мавжуд муаммолар маҳалла еттилиги билан ҳал қилинмоқда.
Бугун эл-юрт тинчлиги йўлида хизмат қилиш баробарида, ширин бир оиланинг бекасиман. Турмуш ўртоғим Миршод Саноев иқтисодиёт соҳасида ишлайдилар. Уч нафар фарзандимизни имкон қадар ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳаракат қилмоқдамиз. Тўнғич фарзандим Мирзоҳид Жалолов бобоси ва менга ҳавас қилиб, ИИВ Бухоро академик лицейига ўқишга кирди. Қизларимнинг бири мактаб ўқувчиси, иккинчиси мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси. Ҳар бир оилада фарзанд тарбияси, асосан аёлнинг зиммасида бўлганидек, мен ҳам фарзандларимнинг тарбияси, тартиб-интизоми билан шуғулланаман. Энг катта сармояни фарзандларимизнинг билим олишига ажратганмиз. Улар мунтазам равишда дарсдан сўнг қўшимча машғулотларга қатнайдилар. Ўғлим Мирзоҳид ва қизим Севара инглиз тилидан чет тилини билиш даражаси бўйича миллий сертификатни қўлга киритган. Бундан ташқари, тарих, ҳуқуқ, она тили ва адабиёт фанларидан турли хил танлов, олимпиадаларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.
Улар билан дастурхон бошида ўтирар эканмиз, дилдан суҳбатлашаман: кунлик амалга оширган ишларини сўрайман, ютуқларидан қувонаман, шунингдек, йўл қўйган камчиликларини тушунтириб, тўғри йўл кўрсатаман.
Ватанга манфаат келтирадиган соҳа вакили эканлигимдан, фарзандим ҳам шу йўлда давомчи бўлаётганидан, мени қўллаб-қувватлаб дуо қилиб турадиган ота-онам ва оилам борлигидан фахрланаман. Ўғлимга доим илм олишдан тўхтамаслигини, ҳалол ва виждонан иш кўриши лозимлигини уқтириб келмоқдаман. У оиламизда ички ишлар органлари соҳасида учинчи авлод саналади. Шундай экан, биз она Ватанимиз – Ўзбекистонга оиламиз билан бирга хизмат қиламиз.
Шаҳло РАҲМАТОВА,
катта лейтенант.
Бухоро вилояти.
