Шунинг учун кейинги йилларда мамлакатимизда йўллар сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маълумотларга кўра, юртимизда 30 минг километрдан ортиқ ички йўллар тупроқли. Илгари барпо этилган кўчаларнинг ҳам кўпи ўйдим-чуқур бўлиб, яроқсиз ҳолга келган. Ушбу йўлларга асфалт ётқизиш эса жуда қимматга тушади. Шу боис Ўзбекистон шароитига мосланиб, қум-шағал, оҳак тош, чақир тош, семент каби маҳаллий материаллар аралашмасидан 5 хил қоплама вариант тайёрланган. 

Хўш, ҳозирда биз давлатимиз йўлларида ўзимизни қай даражада хавфсиз ҳис қилмоқдамиз? Яқинда «Ташаббусли буджет» портали орқали аҳолидан тушган жами мурожаатларнинг катта қисми яроқсиз йўллар билан боғлиқ бўлиб чиқди. Бу йўлларимизнинг айни пайтдаги аҳволида ўзимизни хавфсиз ҳис қила олмаслигимиздан дарак бермоқда. 

Янги йўл фойдаланишга топширилгач, ҳали орадан бир йил ўтмасдан, ковланиб, сув, канализация қувурлари, бошқа тармоқлар тортиляпти. Бундан ташқари, янги йўллар оғир юк машиналари қатновини кўтаролмаяпти. Масалан, биргина Тошкент шаҳрига кунига 130 минг тоннадан ортиқ юк катта ҳажмли машиналарда олиб кирилади. Барча вилоятлардаги статистика умумлаштирилса, бундан ҳам ташвишли рақамлар юзага келади. Хулоса шуки, йўлларда ўзимизни хавфсиз ҳис қилишимиз учун зудлик билан зарур чоралар кўриш замон талабига айланиб улгурди.

Нега йўлларимиз таъмирдан тез чиқадию, сифат жиҳатдан узоққа бормайди?! Ахир, битта йўлни қуриб битказиш учун озмунча харажат кетадими?! Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, бугунги кунда юртимизда юздан ортиқ асфалт-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. Ушбу корхоналарга асфалт ишлаб чиқариш бўйича стандарт органларидан сертификат олинади. 

Стандарт органлари ҳар йили уларнинг фаолиятини текшириши керак. Бундан ташқари, пудратчининг заводида маҳсулот сифатини аниқлайдиган лаборатория бўлиши шарт. Сотилган маҳсулот обектга олиб борилгандан кейин ҳам лабораторияда назорат олиб борилиши керак. Агар маҳсулот сифациз чиқса, пудратчи қабул қилмаслиги лозим. Ҳозир маҳсулотлар фақат пудратчининг лабораторияларида текширувдан ўтказиляпти. Буюртмачининг эса лабораторияси йўқ. Шу сабабли сифациз асфалт ишлатилиб келинади. 

Муаммонинг сабаби фақат бу эмас. Мутахассисларнинг текшируви натижасига кўра, Ўзбекистонда йўл қурилишида ишлатилаётган асфалтлар мутлақо талабга жавоб бермаслиги маълум бўлган. Иқлим ўзгаряпти, автомобилларнинг сони ортиб боряпти. Ҳамон эски қолипда ишлаяпмиз. Демоқчимизки, бизда қўлланаётган асфалт-бетон маҳсулотлари ҳозирги шароитимизга мутлақо мос келмайди. Мамлакатимизда фойдаланиб келинаётган асфалт учун керакли маҳсулотлардан Қозоғистон ва Россия Федерацияси 2023-йилнинг 1-июнидан фойдаланишни бекор қилди. 

Бу эса Америка ва Европа мамлакатлари стандартларига тезроқ ўтиш зарурлигини кўрсатади. Мисол учун, Германияда, асфалт-бетон қопламасига энг камида 15—16 йил кафолат бор. 

Сифациз йўллар нимаси билан хавфли? Мазкур саволга кичик, аммо муҳим бир асосни келтириб ўтамиз. Дунёдаги йўл-транспорт ҳодисалариларнинг 13—15 фоизи айнан сифациз йўллар сабабли юзага келиши исботланган. Айниқса, қиш фаслидаги ноқулай об-ҳаво, яхмалаклар сифациз йўлларнинг хавфлилик даражасини кескин ошириб юборади. 

Ўзбекистонда бу масалага бирданига узил-кесил ечим топиш имконияти ҳозирча йўқ. Лекин босқичма-босқич жиддий қадам қўйиляпти. 2023-йил 10-октабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 

Мазкур қарор билан ушбу йўналишда аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, бундан буён умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини ҳамда сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларининг лойиҳа ва лойиҳаолди ҳужжатлари ҳар бир ҳудуднинг геологик ва экологик хусусиятини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Йўлларни лойиҳалаштиришда комплекс ёндашув бўлади. Яъни, қаерда тўхташ жойи бўлади, қаерда дарахт экилади, ёқилғи қуйиш шохобчаси, техник ва маиший хизмат кўрсатиш обектлари қаерда жойлашади, деган саволларга лойиҳанинг ўзида тўлиқ жавоб акс этади. 

Эндиликда пудратчи йўлни қандай техника билан қуришини ўзи ҳал қилади. Қурилаётган автомобил йўллари сифатини таъминлаш мақсадида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари якунланган обектларнинг асосий конструктив элементлари бўйича камида уч йиллик кафолатли хизмат қилиш муддати жорий қилинади. Энг асосийси, 2024-йилдан бошлаб ҳар йили умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари, кўприклар ва сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш обектларига 300 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда кредитлар жалб қилиб борилади. Ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун эса буджет маблағлари фақат «Менинг йўлим» дастури орқали ажратиб борилади. 

Хулоса қилиб айтганда, ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши иқтисодиёт ривожига, шаҳар ва қишлоқларимиздаги йўлларимизнинг янгиланишига, халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қилади. Энг асосийси, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, давлатимиз йўлларида ўзимизни том маънода хавфсиз ҳис қиламиз.


Аброр ПОЁНОВ,

ўз мухбиримиз.