2021 йил 26 сентябр куни соат 12:10 да, Самарқанд тумани “Янгиариқ-1” МФЙ, Чунгул кўчасида яшовчи 13 нафар фуқаролар, маҳаллалари хонадонларига табиий газ йўқлигидан норозилик билдириб, Самарқанд "М-37а автомобил ҳалқа йўли"нинг 8-9 километрида йўлининг қатнов қисмига чиқиб, йўлни тўсиб қўйган. Бу ҳақида Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, ушбу маҳалла, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида табиий газ тармоғидан узилиб, суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланиши йўлга қўйилган.

Норозилик билдириб чиққан фуқаролар истиқомат қилувчи маҳаллага Самарқанд тумани Газ таъминоти бўлими томонидан охирги маротаба жорий йилнинг 29 июл куни суюлтирилган газ баллонлари тарқатилган.

Мазкур фуқаролар Самарқанд тумани ҳокимияти биносига олиб келиниб, туман ҳокими, вилоят ва туман ИИБ раҳбарияти ҳамда мутасадди ташкилот ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судига юборилди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судининг 27 сентябр кунидаги қарори билан 13 нафар шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Мжткнинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилдилар.

Жумладан: ҳуқуқбузарликнинг икки нафар ташкилотчиларига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса, қолган 11 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, вилоят ИИБ Ахборот хизмати хабарида, ҳар қандай қонуний мурожаат қаноатлантирилади. Аммо жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказувчи ноқонуний йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар қонун билан тақиқланади ва белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради, дейидади..

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

«Постда» мухбири.

Самарқанд вилояти.