Олот тумани Иибнинг берган маълумотига кўра, шу йилнинг 17-октабр куни тунги соат 02:00 ларда номаълум шахс, яшаш уйига бораётган 3 нафар вояга етмаган шахслар Ж.Ж., Ж.Ж. ва Ж.Д.ларни Қоракўл ва Олот туманларининг чегарасидан оқиб ўтувчи "Аму-Қоракўл" канали кўприги устида тўхтатиб, қўрқитади. Сўнгра уларнинг чўнтагидан жами 77 минг сўм нақд пуллари ҳамда турли озиқ-овқат маҳсулотлари солинган спорт сумкасини очиқдан-очиқ тортиб олади.
Мазкур ҳолат туман ИИБ Навбатчилик қисмида зудлик билан қайд этилиб, тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилган ҳолда кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳамда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилди. Олиб борилган ҳаракатлар давомида ушбу талончилик жиноятини Қоракўл тумани Региҳайдар маҳалласида яшовчи, 1995-йилда туғилган Х.Р. исмли шахс спиртли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолатда содир қилганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Х.Р. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жкнинг 166-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
