Самарқандга бир йўлингиз тушиб, “Қўшработни айланиб келамиз”, – дейишса, ҳеч иккиланмай рози бўлинг. Туман гарчи вилоят марказидан 100 км узоқликда жойлашган бўлса-да, унинг тоғли, сойли, бетакрор манзарали гўшалари бор. Вилоятимизнинг бетакрор табиати, беқиёс тарихи, Эргаш Жуманбулбул ўғлидек бахшилар туғилган, Жўш отадай азиз зиёратгоҳлар бўлган Қўшработ тумани бугунги кунда ҳам сайёҳу зиёратчиларни ўзига жалб этади.

Туман дастлаб 1943-йилда собиқ Митан (ҳозирги Иштихон тумани ҳудуди), Нурота ва Хатирчи туманлари ҳудудларининг бирлашуви натижасида ташкил топган. 1957-йилда туман тугатилиб, 1978 йилда қайта ташкил этилган. Қўшработ тумани Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳамда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон, Иштихон, Паяриқ туманлари билан чегарадош. Ҳозирда туманда 7 та қишлоқ фуқаролар йиғини ва 39 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд.

“Қўшработ” сўзи “ ёнма-ён қурилган икки работ” деган маънони англатади. “Работ” сўзи дастлаб ҳарбийлар учун мўлжаллаб қурилган бино, истеҳком, кейинчалик эса карвонсарой (меҳмонхона) маъносини ҳам билдиради.

“Шовона” туманнинг машҳур ва обод қишлоқларидан бири. Қишлоқ тарихи тахминан ХИИ асрга бориб тақалади. Ривоят қилишларича, шу манзилда яшаган бир кампирнинг икки ўғли бўлиб, улар кун бўйи мол боқар, кечаси дам олганларида эса оналари мол-ҳоллардан хабардор бўлиш учун тонггача олов ёқиб ўтирар экан. Ўша пайтларда ана шу манзилга қўниб ўтадиган савдогарлар бу муштипар аёлни Шом она, яъни кечанинг онаси, деб аташган экан. Шу боис “Шомона” қишлоғи юз йиллар ўтиб, номи бироз ўзгарган ҳолда “Шовона” дея номланиб келаяпти.

Туманнинг сўлим манзарали қишлоқларидан яна бири “Пангат” ҳам тилларда достон. Манбаларда келтирилишича, Пангатнинг ёши уч асрдан ошади. Бу қишлоқнинг табиати фусункор, тупроғи унумдор, сувлари ширин, дарахтлари виқорли ва кўркам. Қишлоқ Нурота тоғ тизмаси жанубий ёнбағрида жойлашган.

 Маҳобатли Қушхона, Гавхона ва Божғон чўққилари туманнинг деярли барча жойлари­да кўзга ташланади. Парвоз қилаётган учоқлар сингари кўкка қад кўтариб турган, бу чўққилар кишига завқ беради, тоғлар симфонияси эса “Пангат” қишлоғининг кўркидир. Қоратов ва Оқтов оралиғи ўзаро «музбел» орқали туташган. Бу оралиқдан қадимги карвон йўли ўтган бўлиб, туман ҳудудидаги йўл ёқаларида қўш работлар қурилган. Қишлоқ ана шу музбел ва работлар яқинида жойлашган. 

Қишлоқнинг номига келсак, турли ривоятлар ва тахминлар мавхуд. Энг аввало, қишлоқ чиндан ҳам баландликда, баҳаво масканда жойлашган бўлиб, уни юқори қишлоқ деб аташган. Бошқа томондан, Пангатда 80 нафардан зиёд авлиё ўтганлиги нақл қилинади. Шуни назарда тутиб, “Пангат” авлиёлар макони маъносини англатади деган тахминлар ҳам бор... 

Умида МАМАДАЛИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Самарқанд вилояти.