Яқинда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳузурида илгари турли сабаблар билан ички ишлар органларидан бўшатилган ходимлар иштирокида қабул бўлиб ўтди. Мурожаатчилар орасида қарийб 22 йил соҳада фаолият юритиб, 12 йил муқаддам тизимдан ноҳақ бўшатилган Тўлқинжон Аҳмадалиев ҳам бор эди. У вазир қўлидан «подполковник» унвонини қабул қилиб оларкан, орзулари осмонини қора булутлар қоплаган онларни эслаб, кўзлари намланди. 

...2011-йилнинг 8-феврал санаси Т.Аҳмадалиев хотирасида бир умр энг мудҳиш кун сифатида сақланиб қолди. Учтепа тумани ИИБ Хчк ва ФРБ бошлиғи лавозимидан Юнус­обод тумани ИИБ ҲООБ гуруҳ катта инс­пектори лавозимига ўтказилган лавҳамиз қаҳрамони шу куни сабабсиз қамоққа олинди. Айбловни эшитган Т.Аҳмадалиев ҳайрон қолди. Гўёки 2009-йилда Учтепа тумани ИИБ ХЧК ва Фрбда фаолият олиб борган вақтда бир фуқародан катта миқдорда пора олиб, уни 

доимий рўйхатга қўйган. 

Т. Аҳмадалиев аслида қилмаган ишини тан олмаган бўлса-да, 2011-йилнинг 15-июлида унга суд томонидан озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилган. 

Озодликка чиққач, қаҳрамонимиз айби йўқлиги туфайли оқланишини талаб этиб, бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилади. Аммо ижобий натижа бўлмади. Ёруғ кунлар келишини кутиб яшаган Т.Аҳмадалиев каби кўплаб айбсиз инсонлар Президентимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат туфайли оқланди. 

Тўлқинжон Аҳмадалиев ҳам ўзининг айбсизлигини исботлаш, адолатни қарор топтириш ҳамда ҳуқуқини тиклаш учун Ўзбекис­тон Республикаси Олий судига мурожаат қилди. Суд мажлисида ҳақиқат қарор топиб, оқлов ҳукми эълон қилинди. 2022-йилда фуқаролик ишлари бўйича Мир­обод туманлараро судида уни ишга қайта тиклаш бўйича қарор чиқарилди.

 Умр осмонида қора булутлар тарқаб, ёруғ кунлар ҳам етиб келди. Икки йилдан ортиқ панжара ортида кечган, бир неча йиллик сарсон-саргардонликдан сўнг яна ўзи севган касбида фаолиятини давом эттириш бахти насиб этганидан нафақат Т. Аҳмадалиев, балки унинг барча яқинлари ва ҳамкасблари ҳам ич-ичидан севинишди. 

– Ўша машъум кунларда ойнадан афтода ҳолимни кўриб хўрлигим келди, – дейди Тўлқинжон Аҳмад­алиев. – Бир куни ичимдан бир овоз «Шундай аҳволга тушиб қолдингми», деди. Икки овозда жаранглаган ички куч мени бир неча марта шу кўйга солди. Охири нима бўлса, бўлди, дея деразага яқинлашганимда, пастда ота-онам, турмуш ўртоғим ҳамда фарзандларимга кўзим тушди. Улар ҳар куни энди нима бўлар экан, дея менинг ортимдан келиб, кутиб ўтирарди. Туйқус ўзимга келдим. Мен ҳали курашишим керак, сабр қилиб чидашим лозимлигини ичимдан ҳис этдим.

Ҳа, Т. Аҳмадалиев барчасига бардош берди. 

У кутган ёруғ кунлар келди. Қувонарлиси, у ҳам хизмат кийимини яна бир бор ки­йиб, ўғли – ИИВ Академия­си битирувчиси, курсант Нурмуҳаммад Эркинжонов билан биргаликда юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Сарвар СОБИРОВ,

«Постда» мухбири.

Тошкент шаҳри.