Ўтган ҳафтада Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров Арнасой туманида сайёр қабул ҳамда ёшлар билан учрашув ўтказган эди. Мазкур мулоқот давомида ёшлар томонидан туманда ИТ парк фаолиятини йўлга қўйиш, гимнастика машғулотларини ташкил этиш, журналистика тўгарагини очиш, интернет тармоғига уланиш, юртимизнинг диққатга сазовар манзиллари, хусусан Жиззах шаҳридаги “ИТ паркка саёҳат уюштириш каби қатор таклифлар билдирилди.
Шу маънода, вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан Арнасой туманидаги умумтаълим ҳамда касб-ҳунар мактабларининг бир гуруҳ ўқувчиларининг Жиззах шаҳрига саёҳати ташкил қилинди. Ёшлар дастлаб вилоят ҳокимлигидаги ИТ паркда бўлдилар. Бу ерда улар парк имкониятлари билан яқиндан танишди.
Айтиш жоиз, мазкур ИТ паркда ёшлар компютер саводхонлиги, веб дастурлаш, мобил илова яратиш, мобил робототехника, график дизайн, кибер спорт, ИТ энглиш йўналишларида билимларини ошириши мумкин. Тадбир жараёнида бизнес ғоялар ва лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ҳамкорлар топиш ҳамда флирансерлик фаолияти бўйича тушунчалар берилди.
Арнасойлик ёшлар Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг Ҳамид Олимжон ва Зулфия филиалида ҳам бўлишди. 1826 та экспонатга эга мазкур музейда Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот берилди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, учинчи сектор раҳбари Ғайрат Қодировнинг навбатдаги сайёр қабули ҳамда ёшлар билан учрашуви Ғаллаорол туманида бўлиб ўтади.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Ростда” мухбири.
Жиззах вилояти.