ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлиги томонидан мунтазам равишда ташкил этилаётган Заковат интеллектуал мусобақалари ҳар ойда ўтказилиши белгиланган бўлиб, истеъдодларни кашф этишда, салоҳиятли кадрлар кўпайишида муҳим рол ўйнамоқда. Қўмондонлик кўчма кубоги учун одатда саккизта жамоа рақобатлашади. Бунда йигитлар билан бир қаторда, тизимда хизмат қилаётган хотин-қизлар ҳам қамраб олинганини алоҳида қайд этиш лозим. Масалан, ИИВ Қоровул қўшинлари 7531-ҳарбий қисмида бўлиб ўтган сўнгги баҳсларда фақат хотин-қизлардан таркиб топган 7534-ҳарбий қисмининг «Тўмарис» жамоаси ҳал қилувчи финалгача етиб бориб, мезбон «Семурғ» вакилларидан сўнг фахрли иккинчи ўринни эгаллаганлигига шахсан ўзимиз гувоҳ бўлдик. Улар билим ва кўникма жиҳатидан йигитлардан асло қолишмайди.
– Қўмондонликнинг асосий терма жамоаси ҳам мавжуд бўлиб, унда ҳарбий қисмлардан саралаб олинган иқтидорлар республика миқёсидаги интеллектуал ўйинларда иштирок этиш учун таркиблардан жой олишади. Кўчма кубокнинг ташкил этилишига асосий сабаб ҳам айнан қўмондонлик терма жамоасини шакллантириш ҳамда энг кучли аъзолар билан бойитишдир, – дейди ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлиги Мурожаатлар билан ишлаш бўлими катта техник масъул ижрочиси, кичик сержант Миржалол Қаюмов.
Бу каби интеллектуал ўйинларнинг ташкил этилиши ички ишлар органлари ходимларининг билим ва салоҳияти интеллектуал қобилияти, шунингдек, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада оширишга замин яратади. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда оммавий-маърифий ҳаракатга айланиб улгурган интеллектуал ўйин иқтидорларни кашф этиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларни илм марралари сари руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлашди.
ИИИ даражали сержант Шаҳзод Эгамов 2015-йили йигитлик бурчини ўташ учун ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли пойтахтимизда жойлашган 7531-ҳарбий қисмга чақирилди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган лавҳамиз қаҳрамони келгуси ҳаётини Ватан ҳимояси йўлида бахшида этишга қарор қилди.
Ота-онасидан оқ фотиҳа олган қаҳрамонимиз ушбу ҳарбий қисмда шартнома асосида хизматни бошлаб, мана салкам саккиз йилдирки, устозлари ёрдамида соҳа сир-асрорларини мукаммал ўзлаштириб келмоқда.
У билим ва кўникмасини янада ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари кичик мутахассисларини таёрлаш маркази ҳамда Миллий гвардия ихтисослашган ўқув марказида ўқиди. Ўз устида тинимсиз изланишни давом эттирган бу йигит эндиликда ИИВ Академиясининг 2-босқичида сиртдан таълим олмоқда.
Китоб умр йўлларини ёритувчи сўнмас нур, инсон ҳаётига мазмун бахш этувчи саодат манбаи, унга ҳар қандай вазиятда ҳам ҳамроҳ бўлувчи содиқ дўст. Инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китоб сингари кучли қудратга эга восита йўқ. Шу боис азал-азалдан маърифат пешволари, аҳли донишлар бутун инсониятни китоб ўқишга, ундан илму одоб сирларини ўрганишга чорлаб келишган. ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмлардаги кутубхоналарда барча зарур ҳуқуқий, бадиий ҳамда соҳага ихтисослашган қўлланмалар ва китобларни учратиш мумкин!
ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Тошкент вилоятида жойлашган 7535-ҳарбий қисм кутубхоначиси Дилором Эрметова кўп йиллардан буён севимли касбини виждонан бажариб келаётган инсонлардан саналади. У ҳар бир китобхон билан ўқиган асарини муҳокама қилади.
– Ўқимишли инсон ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Чунки китоб инсонни фикрлашга ундайди, унинг дунёқарашини бойитишга ёрдам беради.
Мазкур зиё масканидан 1 минг 500 дан ортиқ соҳага оид ҳамда сиёсий ва публицистик жанрдаги адабиётлар жой олган.
