– Киши ҳаётда кўплаб қийинчилигу синовларга чидаши мумкин, бироқ адолацизликка дуч келса, уни ҳазм қилиши осон кечмайди. Мен ҳам ҳаётда ҳақсизликка учраган одамларни кўрганда ичимда бир чўғ алангаланаверади. Ана шу чўғ уларни ҳимоя қилишим, ҳақиқатнинг қаддини букмаслигим кераклигини уқтираверади, – дейди Термиз шаҳар ИИБ 1-сонли Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи суриштирувчиси, капитан Машҳура Саъдуллоева.
У ёш бўлишига қарамай, кўплаб фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисаси, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларни очишда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Бу борада унга устози Термиз шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи, подполковник Хушмамат Искандаровнинг ўгитлари асқатмоқда.
– Терговчининг хато қилишга ҳаққи йўқ, деб уқтиради устозим, – дейди Машҳура Саъдуллоева. – Шу боис ҳар бир ишга ўзгача ёндашиб, фактларни, воқеаларни синчковлик билан ўрганишимиз керак. Акс ҳолда, биз берадиган нотўғри хулоса кимнингдир тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин.
Машҳура Саъдуллоева Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган. Терговчилик касбига бўлган иштиёқ уни 2014-йилда ИИВ Академиясига етаклаб келган. Академияни имтиёзли диплом билан тамомлагач, дастлаб Урганч тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳида суриштирувчи, кейин Шовот тумани ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори вазифаларида фаолият юритди. Турмуш ўртоғи Сурхондарё вилоятида хизмат қилгани боис Машҳура ҳам фаолиятини воҳада давом эттирди. Аввал Шеробод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимида, сўнг Термиз шаҳар ИИБ 4-сонли ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳида суриштирувчи вазифасида хизмат олиб борди. Бу йиллар унга яхшигина тажриба мактаби бўлди. Бугун эса ана шу ўрганганларини оғир жиноятларни фош этишда қўлламоқда.
– Жиноят содир этган шахсни аввало тарбиялаш керак, деб ҳисоблайман, – дейди қаҳрамонимиз. – Чунки инсон қилган хатосини англаб ецагина, тўғри йўлга қайта олади. Мен ҳам шу қоидага амал қилган ҳолда, ҳар бир ишни обдан кўриб чиққач, уни хулосалайман.
Шунча юмушига қарамай, Машҳура яхши кўрган машғулоти – китоб мутолаа қилишга ҳам вақт топади. Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимовнинг асарларини, Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояларини севиб ўқийди. Улардан сабрни, одамийликни ўрганади. Асарлардаги қаҳрамонлардан куч, энергия олади. Шунданми, ғайрат ва шижоатга тўла қаҳрамонимиз қайси танловда қатнашмасин, албатта, ғолибликни қўлга киритади.
2021-йилда тергов йўналишида ўтказилган танловда «Энг яхши аёл ходима» номинасиясида вилоятда биринчиликни қўлга киритган Машҳура бу йил «Энг фаол ходима» сифатида вилоятда биринчи ўринга муносиб кўрилди. Шу билан бирга, ҳозирда вилоят ИИБ хотин-қизларининг «Заковат» гуруҳи сардори саналади.
Машҳуранинг ота-онаси ҳам зиёли инсонлар. Улар халқнинг боласига таълим-тарбия беришади. Гарчи масофа узоқ бўлса-да, улар ҳар доим қизларини қўллаб-қувватлашади. Уни камтар бўлишга, ютуқлардан ҳаволаниб кетмасликка чақиради. Кибрланиш инсонни энг паст даражага тушириб қўйишидан огоҳлантиради.
– Агар оила аъзоларингиз сизни қўллаб-қувватламаса, бу соҳада ишлаш жуда қийин, – дейди Машҳура. – Бу борада ота-онамдан жуда миннатдорман. Шу қаторда, мени тушунишга уринган ва касбимни севишга ундаган турмуш ўртоғимдан ҳам.
Уйда намунали рафиқа, хизматда фидойи ходим бўлишни уддалаётган қаҳрамонимиз бу ҳаётда берилган барча неъматларга, имкониятларга нисбатан ана шундай миннатдорлик туйғуси билан яшайди. Бундайларга эса тақдир ўз туҳфаларини зиёда қилаверади.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,
«Постда» мухбири.
Сурхондарё вилояти.
