«Устоз-шогирд» анъанаси


У ўзи истиқомат қиладиган Риштон туманида бир неча йил маҳалла раиси бўлиб ишлади, икки маротаба халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашига депутат этиб сайланди. Ҳозирги кунда маънавият тарғиботчиси вазифасида фаолият кўрсатмоқда.

Президент фармонига кўра, «Шуҳрат» медали ва «Фидокорона хизматлари учун» орденига сазовор бўлган, бир неча маротаба кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган Дилоромхон Назирова ўзи фаолият кўрсатган Риштон тумани ички ишлар бўлимига тез-тез бориб, ёш ходимларга маслаҳат ва тавсиялар беришга ҳам вақт топади.

Туман ички ишлар бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, маёр Гулноза Зиёпова Дилоромхон Назировани ўзига чинакам устоз деб билади.

– Яхшиямки, Дилором опадек аёл билан бир туманда яшайман, – дейди маёр Гулноза Зиёпова устозидан фахрланиб. – Пенсияда бўлишига қарамай, мудом ёнимизда туриб, маслаҳат ва ёрдамини аямайди. Хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, оила-турмуш доирасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш, ажримларнинг олдини олишда устозимнинг қимматли ўгитларига амал қиламан. Дилором опа икки оғиз ширин сўз билан қанча-қанча ажрашаётган оилаларни яраштиради, қуда-андаларни муросага келтиради, адашганларни тўғри йўлга солади.

Дастлаб тергов соҳасида ишлаб, яхшигина тажриба тўплаган Гулноза 2019 йилда раҳбарият тавсияси билан хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимига ўтказилди.

Лавҳамиз қаҳрамони раҳбарият ишончини оқлаб, тумандаги хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, улар ўртасидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда самарали фаолият юритмоқда.

Риштон туманида 69 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, улардаги 40 мингга яқин хонадонда 44 мингдан зиёд 30 ёшдан ошган хотин-қизлар истиқомат қилади. Маёр Гулноза Зиёпова улар билан юзма-юз мулоқот қилиб, муаммолари, қизиқиш­ларини мунтазам ўрганиб боради. 15 нафар пробация ҳисобида турувчи аёл билан ишлашга эса алоҳида эътибор қаратади. Мақсад – улар томонидан қайта жиноят содир этилишига йўқ қўймаслик.

Катта инспекторнинг бу саъй-ҳаракатлари ижобий натижасини бериб, жорий йилнинг ўтган 2 ойида туманда хотин-қизлар томонидан бирорта жиноят содир этилмади. Зўравонликнинг турли кўринишларидан жабр кўрган 90 нафар аёлга ҳимоя ордери берилди.

Албатта, маёр Гулноза Зиёпованинг фаолиятида «устоз-шогирд» анъанаси яхшигина қўл келяпти. Истеъфодаги маёр Дилоромхон Назирова шогирди билан елкама-елка туриб, ҳар қандай муаммоли масалани ҳал этиб, зиддиятли ҳолатларни ўз вақтида бартараф этмоқда.

– Эришаётган ютуқларимда Дилоромхон Назированинг ҳиссаси жуда катта, – дейди Гулноза Зиёпова. – Устозимнинг изидан юришни, у киши каби соҳада ҳалол меҳнат қилиб, шогирдлар эҳтиромида бўлишни ният қиламан.

«Яхши ният – ярим давлат», дейди донолар. Устозлари изидан бориб, уларнинг дуосини олаётган маёр Гулноза Зиёповага ҳам эзгу ниятлари доим йўлдош бўлсин!


Абдувосит СИДИҚОВ,

«Постда» мухбири.

Фарғона вилояти.


Суратда: истеъфодаги маёр Дилоромхон Назирова шогирди – маёр Гулноза Зиёпова билан.