Шунинг учун бошланғич таълимни Сергели туманидаги 330-мактабда олгач, ўғлига ўқишини ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернатида давом этти­ришни таклиф қилди. Бундан Абдуманнон қувониб кетди. Шу билан бирга, мазкур таълим муассасасига кириш осон эмасли­гини англаб, астойдил тайёргарлик кўра бошлади. Тинмай ўқиб-ўрганиш, ўз устида ишлаш орқали орзуси йўлида қатъият билан қадам ташлади.

– 5-синфдан ўқишимни мазкур мактаб-интернатда давом эттирдим, — дейди Абдуманнон. — Бошида бу ерга ўқишга қабул қилинганимдан жуда хурсанд бўлгандим. Аммо вақт ўтиб, бошқа тенгдошларим сингари дарсдан кейин уйимга, ота-онам бағрига қайтолмаслигимни, истаган пайтим тўп тепиб ёки бошқа ўйинлар билан машғул бўлолмаслигимни тўлиқ англамаган эканман. Шу сабабли кўникиш мен учун анча қийин кечди. Ҳатто баъзан отам мени яхши кўрмайди, атайлаб шу ерда ўқишимни истаган, деган ха­ёлларга бориб, ич-ичимдан ўксиган пайтларим ҳам бўлган. Лекин вақт ўтиши билан англадимки, отамнинг бу қарорлари менинг яхши инсон бўлиб улғайишим, мақсадларимга тезроқ етишим ва танлаган йўналишим бўйича етук кадрлар сафидан ўрин олишим учун қилинган экан. Шуни тушунганимдан кейин отамдан миннатдор бўлдим.

Абдуманнон бугунги кунда ўқиш билан бирга спорт соҳасида ҳам яхши натижаларга эришмоқда. Хусусан, миллий кураш бўйича турли даражадаги мусобақаларда мунтазам иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритяпти. Шунингдек, инглиз тилини ҳам қунт билан ўрганмоқда. Яқинда CЕФР имтиҳони топшириб, ўз билим даражасини аниқлаб кўриш ниятида. 

— Мактабимизга Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов ташриф буюрдилар, — дейди Абдуманнон. — Уларни кўрганимда жуда ҳаяжонландим, ҳатто сўзларимни йўқотиб қўйдим. Вазир ўқишларим ҳақида сўрадилар, эришган ютуқларим билан қизиқдилар. Бу учрашув мен учун катта масъулият юклади. Ўша лаҳзаларда келажакда яхши кадр бўлиб, ички ишлар органлари тизими­да фидойи мутахассислар сафидан ўрин оламан, Ватаним ва юртим тинчлиги йўлида сидқидилдан хизмат қиламан деб ўзимга ваъда бердим. Энди ваъдам­нинг устидан чиқиш, вазиримиз, ота-онам, устозларим ва яқинларимнинг ишончини оқлаш — менинг бурчим.

Абдуманнон билан суҳбатлашар эканман, унинг фикрлари те­ран, дунёқараши кенг эканлигига амин бўлдим. Суҳбатимиз ҳали-бери тугайдиганга ўхшамасди. Орзулари йўлида дадил қадам ташлаётган, мақсадларига садоқатли бу ўсмирга ҳавас қилдим. Шу аснода қуйидаги мисралар кўнглимдан кечди:


Кецин доно, комиллигинг овозаси,

Қўл чўзсанг, очилсин илм дарвозаси.

Сўрасинлар, қаерда, деб мактаби,

Устозлари фахр айласин мақтаниб.


Яхши фарзанд раҳмат олиб келгайдир,

Зафар, омад илм билан бўлгайдир.

Топмасинлар илми сендай бойроғини,

Баланд кўтар Ўзбекистон байроғини!

Адолат ФАЙЗИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Тошкент шаҳри.