Оиланинг дарз кетиши — жамиятнинг дарз кетишидир! У айниқса, фарзандлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, кўплаб ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради. Шу боис оилавий ажримларнинг олдини олишга давлат ва жамият миқёсида катта эътибор қаратилади. Ширин шаҳар фаоллари иштирокида бўлиб ўтган семинарда айнан шу масала тўғрисида сўз борди.
Ширин шаҳар ИИБ ташаббуси билан ўтказилган тадбирда хотин-қизлар вакиллари, тегишли корхона ва ташкилот масъуллари иштирок этишди. Унда оилавий ажримларни олдини олиш, аёллар ўртасидаги жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ҳуқуқий маданиятни янада юксалтиришга оид маълумотлар тақдим этилди.
Тадбирда оилавий келишмовчиликларнинг келиб чиқиш сабаблари атрофлича таҳлил қилинди. Семинар ишида қатнашган Сирдарё вилоят ИИБ ХПБ бўлим бошлиғи, подполковник Г.Мирзабекова мавзуга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тушунтириш берди.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
“Постда” мухбири.
Сирдарё вилояти.
