Йўл қоидани ёқтиради
Сўнгги йилларда аҳоли орасида тез ҳаракатланувчи мопед ва скутерлар сони кескин кўпайди. Айниқса, юк ташишга мўлжалланган скутерлар одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, бундай уловлар деҳқончилик, боғдорчилик ва юк ташиш билан шуғулланувчи кишиларнинг ҳақиқий кўмакчисига айланиб қолди.
Аммо муаммо шундаки, бундай транспорт воситаларини аксарият ҳолларда аёллар ёки вояга етмаганлар бошқармоқда. Афсуски, скутер бошқараётган аёлларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам йўқ. Гувоҳномаси бўлмагандан кейин, табиийки, ҳайдовчилик тажрибаси ҳам бўлмайди.
Янада ачинарлиси, кўчаларда скутер ёки мопедларни вояга етмаганлар «яшин тезлигида» ҳайдаб кетаётганини кўрасиз. Улар уловнинг тез ҳаракатланганига қизиқадилар-у, тажрибасизлик туфайли қоидаларга риоя қилишмайди. Ҳимоя воситаларидан фойдаланишнику айтмаса ҳам бўлаверади. Натижада йўлларда аянчли ҳодисалар тез-тез содир бўлмоқда.
Масалан, 2025-йилнинг ўтган даврида Фарғона вилоятида мотоцикл, скутер ва мопедлар иштирокида
41 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Энг ачинарлиси шундаки, ушбу ҳолатларнинг 7 таси ўлим билан тугаган бўлса, 34 та ҳолатда фуқаролар тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди.
– Айнан шундай мудҳиш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан назорат-профилактика тадбирлари, тарғибот-тушунтириш ишлари мунтазам равишда ташкил этилмоқда, – дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи, подполковник Акмал Аҳмедов. – Скутер ҳайдовчиларига йўл қоидаларига қатъий амал қилиш кераклиги, ҳимоя воситаларидан, тунги пайтларда эса ёритиш чироқлари ва нур қайтарувчи элементлардан фойдаланиш зарурлиги тушунтирилиб, огоҳликка чорловчи махсус буклетлар тарқатиляпти. Бундай транспорт воситаларининг кўпайгани яхши, албатта. Аммо уларни бошқараётганлар ҳайдовчилик гувоҳномаси ва тажрибасига ҳам эга бўлиши шарт.
Мутасаддининг таъкидлашича, ҳозирда фуқаролар бошқариб юрган скутерларнинг аксарияти давлат рўйхатидан ўтмаган ёки содда қилиб айтганда, ҳужжати йўқ. Шу боис оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва ҳайдовчиларга нисбатан жавобгарлик масаласини қатъийлаштириш мақсадида эндиликда бундай транспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилади ва уни бошқараётган ҳайдовчилардан тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинади.
Фуқароларимизда «Хўш, бу жараён қачонгача давом этади ва қаерда амалга оширилади?» деган савол туғилиши табиий ҳол.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йилнинг 12-апрелдаги тегишли қарори билан бу турдаги транспорт воситаларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишга қўйилган муддат жорий йилнинг 1-октабрига қадар узайтирилди.
Мазкур қарорда мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-қоидалари ва усуллари аниқ кўрсатилган. Жумладан, мопед ёки скутерлар ҳам бошқа барча турдаги транспорт воситалари каби, белгиланган талабларга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу жараён Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳудудий бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
Маълумот учун: мазкур турдаги транспортлар икки хил шаклда, яъни двигателининг иш ҳажми
25 см3дан ортиқ, лекин 50 см3дан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган ҳолатда мопед сифатида;
электр двигателининг қуввати 0,25 киловаттдан ортиқ, лекин 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километрдан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган ҳолатда скутер сифатида давлат рўйхатидан ўтказилади.
Демак, скутерларни рўйхатдан ўтказиш ишлари айни пайтда амалга ошириляпти. Фуқаролар ўзлари яшайдиган шаҳар ёки тумандаги йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларига ариза билан мурожаат қилиши керак.
Фарғона вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хулоса сифатида фуқароларга қуйидагиларни эслатади:
– ҳар қандай транспортда – хоҳ мотоцикл, хоҳ скутер ёки автомашинада бўлсин, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилинг;
– скутерларни бошқаришни ҳайдовчилик гувоҳнмаси ва тажрибаси бўлмаган аёллар ёки ёш болаларга ишониб топширманг;
– 1 октабрга қадар ўзингиз яшайдиган шаҳар ёки тумандаги йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати гуруҳларига мурожаат қилиб, уловингизни рўйхатдан ўтказиб олинг. Акс ҳолда, ушбу санадан бошлаб, ҳужжациз скутерларга белгиланган тартибда жарима қўлланилади.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
