Ёшлар муаммоларининг асосий қисми бандлик, моддий ёрдам олиш, шунинг­дек, ҳарбий хизмат ва олий ўқув юртларида контракт тўловига кўмак­лашишга тааллуқли бўлиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда, юқоридаги масалалар ечими бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Сектор штаби аъзолари ва масъул идоралар вакилларига маҳаллалардаги вазиятни ўрганиш, ҳар бир ёш билан суҳбат ўтказиш, уларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини аниқлаш ва шу асосда манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди. Шунга кўра, хусусан, «Темирхўжа» маҳалласида касб-ҳунар ўргатиш курслари ташкил этилди. 

«Аёллар дафтари»га киритилган аёлларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик, моддий, тиббий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 46 нафар 

хотин-қиз иш билан таъминланди, 26 нафарига ўз ишини очиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

Шунингдек, «Бир маҳалла – бир маҳсулот» дастури доирасида ўз микролойи­ҳалари билан чиққан 145 та оила қамраб олинди. Шахсий томорқаларда хориж бозори ҳамда республикамизда талаб катта бўлган маҳсулотлар, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш борасидаги энг яхши 10 та лойиҳа молиялаштирилди.

Сектор раҳбари иштирокида ўтказилаётган сайёр қабуллар, учрашувлар амалий ёрдам кўрсатишнинг ажралмас қисмидир. Йил бошидан буён тумандаги маҳаллаларда 46 та сайёр қабул, шундан 20 таси ёшлар билан ўтказилди. Ушбу учрашувлар чоғида 428 нафар фуқародан 430 та муаммо келиб тушди.

Бир сўз билан айтганда, учинчи секторда амалга оширалаётган ибратли ишларни ривожланиш сари қўйилган дадил қадам, дея таърифласак арзийди. 

Замира БОЛТАЕВА,

ўз мухбиримиз. 

Самарқанд вилояти.