Ҳар йили республикамизда 1-февралдан 1-мартга қадар «Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш комплекс тезкор-профилактик ойлиги» ўтказилиб келинади. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар агентлиги мажлислар залида ташкил этилган матбуот анжумани ушбу муҳим тадбирни эълон қилишга бағишланди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш маркази, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази, ИИВ Тезкор қидирув департаменти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, БМТ НЖБ, КАДАН7 ва Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бошқармаси масъул ходим ва раҳбарлари қатнашди.

– Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятчилик нафақат миллий, балки минтақавий, ҳаттоки глобал миқёсда хавфсизлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солади. У жамиятда қонунийликни таъминлашга хавф солиш билан бирга, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга ҳам тўсқинлик қилади. Айниқса, бу иллатнинг ёшларимиз ўртасида тарқалиши нафақат жамиятимизнинг бугунги ҳаётига, балки келажагимизга ҳам салбий таъсир этмоқда, – деди ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати масъул ходими, подполковник Нодирбек Абдурасулов.

Таҳлилларга кўра, 2020–2023-йилларда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноят содир этган шахслар орасида ёшларнинг улуши ўртача 26 фоиз бўлса, 2024-йилда бу кўрсатгич 34 фоизни ташкил қилган. Сўнги 5 йилда ҳуқуқ-тартибот идоралари ташаббуси билан республикамизда аниқланган наркожиноятлар сони 2 баробарга ошиб, ноқонуний муомаладан олинган гиёҳвандлик воситалари 27 фоизни ташкил этган. Шундан синтетик наркотиклар 80 баробарга ортиб, кучли таъсир қилувчи дори воситалари 40 фоизни ташкил этган. Шу давр мобайнида диспансер ҳисобига олинган гиёҳвандлар сони қарийб 40 фоизга ошган. Ўтган йилнинг ўзида 1000дан ортиқ инсонлар наркотиклардан ўткир заҳарланган. Шулардан 10 нафарида ўлим қайд этилган.

Юқоридаги статистик маълумотларни инобатга олган йиғилиш иштирокчилари гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам асосий эътибор марказида бўлиши лозимлигини таъкидлашди. Шунингдек, турли таълим масканларидан ташриф буюрган фаол ёшларнинг саволлари тингланди ва бу иллатни қандай қилиб камайтириш ёки йўқотиш йўллари ҳақида қизиқарли суҳбатлар ўтказилди.

Абу КЕНЖАЕВ,

ўз мухбиримиз.