Кинология хизмати

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖЦБ кинология бўлинмаси томонидан жорий йилнинг 7 ойи мобайнида жиноят қидирув йўналишида 134 та жиноят ақлли жониворлар иштирокида очилишига эришилди. 

Шу йилнинг 4 январ куни тунги вақтда номаълум шахс Нукус шаҳри 22-кичик туманда жойлашган мебел ишлаб чиқариш сехига ўғринча кириб, бу ердаги темир сейфни бузади ва унинг ичидаги 236 миллион сўм миқдоридаги пулдан салкам 180 миллион сўмини олиб кетади.

Тергов-тезкор гуруҳ таркибида воқеа жойига етиб келган кичик инспектор-кинолог, катта сержант Мурат Отениязов ўзининг «Зевс» лақабли хизмат ити билан ишга киришади. Кўздан кечириш жараёнида Зевс сейф ёнидан из олиб, бинодан ташқарига отилади. Йўналиш бўйича олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида кўп ўтмай ўғирликни ушбу сехда ишлайдиган Ж.Оралбаев содир этгани аниқланди. 

– Айни кунда бўлинмамизда 44 та хизмат ити мавжуд. Умумий ва махсус тайёргарликдан ўтказилган ушбу хизмат итларидан из қидириш йўналиши, гиёҳванд моддаларни ҳамда портловчи моддаларни қидириб топишда унумли фойдаланиб келинмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖЦБ кинология бўлинмаси катта мутахассис-кинологи, катта сержант Шарапат Утепов. 

Хизмат итлари питомнигида ходимларнинг касб маҳоратини ошириш учун 30 кунлик махсус курслар ташкил этилган. Бу курсларда кичик инспектор кинолог ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларга бириктирилган хизмат итларини умумий ва махсус қайта тайёрлаш ишлари олиб борилади. 

Кинология бўлинмасида мавжуд хизмат итлари касалликка чалинишининг олдини олиш, воқеа жойига чиқишда доим шай туриши учун ветеринария хизмати ҳам яхши йўлга қўйилган.

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

«На посту» мухбири.

Қорақалпоғистон Республикаси.