Бандихон туманида 1 гектар ер ажратилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали боғ барпо қилинди. Боққа 800 туп мевали дарахт, 100 туп манзарали, 700 туп гилос кўчатлари экилди. 

– “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги хайрли ишга шаҳар-туман ИИБ ходимлари ҳам жалб этилиб, жами 12833 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари экилди, – дейди вилоят ИИБ Ахборот хизмати бошлиғи, маёр Фарҳод Тошбоэв. – 1890 туп мевали, 8218 туп манзарали дарахтлар, 2725 туп бутали экинлар ўтқазилди. Дарахт кўчатларининг 939 тупи яшаш хонадонларга, 859 тупи хизмат бинолари ва уларнинг атрофидаги ҳудудларга, 7450 тупи ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилган яшил массивларга, 1181 тупи Ииблар ҳудудларига, 693 тупи профилактика инспектори хизмат уйлари ва уларга бириктирилган ҳудудларга, 1027 тупи бириктирилган маҳаллаларга экилди. Қолаверса, ушбу ҳудудларда дарахтларни ноқонуний кесиш ва шикастлантириш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жамоатчилик назорати ҳам кучайтирилди.

Бугун қадалган кўчатлар эртага азим дарахтларга айланади ва келажак авлод уларнинг мевасидан баҳраманд бўлади. Қолаверса, бу каби яшил майдонлар атроф-муҳитни яхшилаш, ҳаво ифлосланишининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.