Таълим муассасаларини битириган, мустақил ҳаётга қадам қўйган ёшларнинг энг муҳим орзуси, нияти нима? Ишли бўлиш, ўзи ёқтирган, истаган касбида фаолият кўрсатиш. Шундай эмасми? Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни ишли қилиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшадиган интилувчан ёшлар учун кенг имкониятлар яратиляпти.
Яқинда ИИВ Халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли Қарши шаҳрида жойлашган 7256-сонли ҳарбий қисмда ҳам бир гуруҳ ёшлар ўз орзусига етиб, ишли бўлишди. Гап шундаки, жорий йил ўз йигитлик бурчини адо этиб, қуролли кучлар резервига бўшатилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг бир гуруҳи раҳбариятга мурожаат қилиб, ҳарбий хизматни давом эттириш истагини билдирган эди. Шунга мувофиқ контракат асосида хизмат қилмоқчи бўлган номзодлар синов имтиҳонлари топширишди. Яқинда сараланганларни хизматга қабул қилиш юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Барча синов ва текширувлардан муваффақиятли ўтган, ақлан етук, жисмонан соғлом, ахлоқий-руҳий сифатлари меъёр даражада бўлган фуқаролар ҳарбий хизматга қабул қилинди.
Кеча ҳақиқий хизматга қабул қилинганларни қутлаш ҳамда улар билан хизматолди суҳбат, йўриқнома ўтказиш мақсадида ҳарбий қисмда ота-оналари ҳамроҳлигида тадбир ташкил этилди. Ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, подполковник Ш.Ниёзов ота-оналарни фарзандлари шарафли касб эгаси бўлганлиги билан табриклаб, ҳарбий қисмда яратилган шароит ва имкониятлар тўғрисида гапириб ўтди.
Шу куни ҳарбий қисм кадрлар бўлинмаси бошлиғи, капитан Ш.Тугалов ҳарбий хизматга қабул қилинган ҳарбий хизматчиларнинг хизмат жойи билан таништириб ўтди. Янги ҳарбий хизматчилар кўзида қувонч билан ўз хизмат жойига йўл олишди.
Ғайратжон Самадов,
капитан.
