Маълумки, ички ишлар органлари тизимида бир қатор туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психолог лавозимининг жорий этилгани айни муддао бўлди.

Навоий вилояти Иибда Вазирлар Маҳкамасининг “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш ҳамда соҳада эндигина иш бошлаган вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологлар фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан семинар-тренинг ташкил этилди. Унда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник А.Тасбаев сўзга чиқиб, жамиятдаги психологик жиҳатдан нозик ижтимоий қатламни вояга етмаганлар ташкил қилиши, уларни қаровсиз қолдирмаслик чора-тадбирларини кўриш, оиласи, маҳалласи ҳамда улар таълим олаётган жойда назоратни кучайтириш муҳимлиги ҳақида сўзлади.

Семинар-тренинг давомида вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати Маънавий-маърифий ишлар бўлими психологик таъминлаш гуруҳи катта психологи, катта лейтенант Мавлуда Орзиева боланинг оилада назорациз қолиши, шунингдек бўш вақти тўғри ташкил қилинмаганлиги ҳамда ижтимоий тармоқлардан ноўрин фойдаланиши сабабли унинг руҳиятида салбий ўзгаришлар юз бериб, кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқараётганлигини айтиб ўтди. Бу каби вазиятларни бартараф этиш мақсадида бола ва унинг оиласи, унга таълим бераётган ўқитувчилар ҳамда маҳалла фаоллари билан махсус суҳбатлар олиб бориш лозимлигини тушунтирди. Келгусида ҳудудларда янги тизим асосида ишни ташкил этиш бўйича тавсиялар берди. Тадбир давомида семинар иштирокчилари вилоят ИИБ ҲПБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Болалар билан юзма-юз мулоқотда бўлишди.

Мухтасар қилиб айтганда, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўтказилаётган семинар-тренинглар вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологлар фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.


Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.