Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган навбатдаги маърифат дарси “Шеърга кўчган шахсият” мавзусида бўлди. Мазкур тадбир ўзбек адабиётининг забардаст вакили, шоир Шавкат Раҳмон ижодига бағишланиб, унинг ҳаёти ва серқирра фаолияти ўрганилди. Тадбирда шахсий таркиб ҳамда фахрий ходимлар иштирок этишди.

Машғулот вилоят Ёзувчилар уюшмаси мутахассиси, шоира Гўзал Рўзиева ва Бухоро давлат университети ўзбек филологияси факултети профессори, адабиёцҳунос олима Шоира Ахмедовалар томонидан олиб борилиб, мавзу доирасида ходимларга батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, маърифат дарси давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Касаба уюшмалари қўмитаси бош мутахассиси Абдуғофур Сатторовнинг “Эл-юрт осойишталиги генераллари” номли китоби тақдимоти ҳам ўтказилди. Тақдимотда вилоят ИИБ бошлиғининг маслаҳатчиси Ҳаёт Шарипов томонидан китобни мазмуну моҳияти хусусида сўз юритилди.

Бундан ташқари, ходимларни ўқитиш, тарбиялаш ва уларга муносиб хизмат шарт-шароитлар яратиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси ва Ватанпарварлик ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди.

Тадбир жараёнида вилоят ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимларга навбатдаги махсус унвонлар тантанали равишда топширилди. Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги байрами” муносабати билан ташкил этилган “Ҳуқуқ билимдони” викторинасида иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган вилоят ички ишлар органлари ходимлари вазирликнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Машғулотдан сўнг Ички ишлар органлари ходимларининг китобхонликка бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида Ички ишлар бошқармаси ҳовлисида арзонлаштирилган “Китоб ярмаркаси” ҳам ташкил этилди. Қисқаси, бу каби маънавий-маърифий тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Фаррух УСМОНОВ,

катта лейтенант.

Бухоро вилояти.