Ёзувчи, олим ва жамоат арбоби Садриддин Айний 1878 йил 27 апрелда Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида туғилган. Ўзбек ва тожик тилида ижод қилган. Тожикистон Фанлар академияси академиги ва биринчи президенти, Ўзбекистон Фанлар академияси фахрий аъзоси, Тожикистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Садриддин Айний аввал эски мактабда, кейин мадрасалар: Мир Араб, Олимхон, Бадалбек, Ҳожи Зоҳид, Кўкалдошда таҳсил олган. 

Аҳмад Дониш ва озарбайжон ёзувчиси Ҳожа Мароғийнинг ҳамда жадид маърифатпарварларининг асарлари унинг дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатади. Айний Бухорода янги усулдаги мактаблар очади, улар учун ўқув қўлланмалар, оммани илм-маърифатга чақирувчи шеър ва ҳикоялардан иборат «Ёшлар тарбияси» дарслигини тузади. «Ёш бухороликлар» ҳаракатида фаол қатнашади. 1918–21 йилларда тожикча, ўзбекча марш, қўшиқ ва шеърлар яратади. «Бухоро жаллодлари» повести, «Бухоро манғит амирлигининг тарихи» асарида Бухоронинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ифодаланган. «Одина», «Қиз бола ёки Холида», «Тожик адабиётидан намуналар», «Қул бобо ёки икки озод» каби қисса, ҳикоя, очерклари муҳим аҳамиятга эга. 

Айний тожик ва ўзбек адабиётларининг минг йиллик тарихий тараққиётида етишиб чиққан 200 дан ортиқ шоир, тарихчи, олим, тазкиранавислар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот беради. У 1927-29 йилларда йирик романи «Дохунда»ни тожик тилида нашр эттирди. 1934 йилда эса ўзбек тилида «Қуллар» романини ёзди. Унда ўзбек ва тожик халқининг юз йиллик ҳаёти акс этади. Айнийнинг «Эски мактаб» асарида эски мактабдаги ўқиш ва ўқитиш ҳақида ҳикоя қилинади. Йигирманчи йилларда эълон қилинган қатор ҳажвий асарлари, «Яна бу қайси гўрдан чиқди», «Пулинг ҳалол бўлса, тўй қил», «Машраб бобо», «Е, тўним», «Билганим йўқ», «Кенгаш» каби ўзбекча фелъэтонлари, ҳажвий шеър ва мақолалари, айниқса, «Судхўрнинг ўлими» ҳажвий повести ёзувчининг моҳир сатирик эканлигини кўрсатди. Муқанна ва Темурмалик бошчилигидаги халқ қўзғолонини акс эттирувчи адабий-тарихий очерклар ёзди. У тўрт қисмдан иборат «Эсдаликлар»ида Бухоронинг ўтмиш ҳаёти ва ўша давр ижтимоий-маданий муҳитини ёритади. 

 Садриддин Айнийнинг «Дохунда», «Қуллар», «Судхўрнинг ўлими» ва «Эсдаликлар» асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаларидаги бир қатор шаҳар, туманлар, қишлоқлар, кўчалар, мактаблар, кутубхоналар, санъат ва маданият муассасалари Айний номига қўйилган. Самарқандда Айний ёдгорлик уй-музейи очилган.

Садриддин Айний 1954 йил вафот этган.

Шерзод Абдусамадов тайёрлади.