Бухоро шаҳар ҳокимлигида вилоят ҳокими Б.Зарипов, вилоят прокурори М.Истамов, Бчки ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник М.Миралимов бошчилигида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги амалга оширилаётган манзилли ишлар муҳокама қилинди. 

Йиғилишда вилоятда содир этилаётган жиноятларнинг 30 фоизи Бухоро шаҳрига тўғри келаётгани, Бухорои шариф улуғ пиру комиллар, буюк сиймолар юрти эканлиги, бу заминда содир этилган битта жиноят ҳам аслида фавқулотда ҳолат ҳисобланиши таъкидланди. Жиноятларнинг олдини олиш борасидаги кенг кўламли профилактик тадбирларни бугундан бошлаб энг юқори босқичга кўтариш кераклиги, жорий йил охиригача Бухоро шаҳри ўз номига ва нуфузига монанд жиноятдан холи “яшил” тоифадаги масканга айланиши лозимлиги ҳақида сўз юритилди.

Йиғилишда вилоят прокурори Маҳмуд Истамов Бухоро шаҳрида криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида тузилган “Йўл харитаси” ҳақида маълумот берди. Бу борада 17 та йўналиш бўйича шакллантирилган ишчи гуруҳлар вазифалари бирма-бир тушунтирилди. 

Сўзга чиққан вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Миржамол Миралимов ҳудудларнинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар ҳақида тўхталиб, жиноятларнинг олдини олишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус контингент билан ишлаш кераклигини айтиб ўтди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда келусида бажарилиши лозим бўлган кенг кўламли профилактик тадбирлар, ҳар бир вазифа юзасидан масъуллар ва унинг бажарилиш муддатлари аниқ белгилаб олинди.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.