Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистонда «Динамо» жамиятининг биринчи спорт сексия­лари 1926–1927-йилларда Тошкент шаҳрида очилган. Унда дастлаб ўқ отиш тири, бокс спорт зали фаолият юритган. Айни пайтда эса «Динамо» ЖЦЖ ўз таркибида қарийб 116 минг нафар жамият аъзосини, 376 та жисмоний тарбия жамоасини бирлаштирган. Бундан ташқари, спорт курашлари бўйича ихтисослаш­тирилган Олим­пия захиралари мактаби ҳам фаолият юритиб келмоқда.

Алоҳида эътироф этиш керакки, Армен Багдасаров, Ўткир Ҳайдаров, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Сергей Михайлов, Рустам Саидов, Баҳодир Султонов, Александр Дохтуришвили, Артур Таймазов, Виталий Смирнов, Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, Элмурод Тасмурадов, Ихтиёр Наврўзов, Магомед Ибрагимов, Мўминжон Абдуллаев, Рашид Қурбонов, Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков, Даря Латишева, Илҳом Баҳромов, Баҳодир Жалолов, Шаҳобиддин Зои­ров сингари динамо­чи-спортчилар мамлакат терма жамоалари сафида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилгани қалбда фахр туйғусини уйғотади. Қолаверса, «Динамо» ЖЦЖ Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг 10 нафар ғолиби, 25 нафар совриндори, Осиё ўйинларининг 48 нафар ғолиби, 82 нафар совриндори, қитъа ва жаҳон чемпионатларининг 95 нафар ғолиби, 134 нафар совриндорини тайёрлади. Биргина 2016-йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида 9 нафар динамочи-спортчи ғолиб ва совриндорлар орасидан ўрин олди.

Умуман, ўтган давр мобайнида 111 нафар халқаро тоифадаги спорт устаси, 432 нафар спорт устаси, 2205 нафар спорт устасига номзод, 4934 нафар биринчи тоифадаги спортчи тайёрланди. 41 нафар спортчи ва 12 нафар мураббий давлат мукофоти ва фахрий унвонлар билан тақдирланди. «Динамо» ЖЦЖ 2000, 2004, 2008, 2012-Олимпиада ўйинлари якуни бўйича эришилган ютуқлари учун «Энг яхши спорт жамияти» деб эътироф этилди.  

2023-йилнинг 1-июн куни ўтказилган «Динамо» Жцжнинг навбатдаги ХВИИ конференсиясида жамиятнинг охирги беш йиллик фаолияти кўриб чиқилди, раҳбар органлар, раис ва унинг ўринбосарлари сайланди. 20-июн куни Адлия вазирлиги томонидан «Динамо» жамиятининг Устави рўйхатга олиниб, номи «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги «Динамо» жисмоний тарбия-спорт жамияти»га ўзгартирилди.

Кўплаб спортчи ва мураббийларнинг эришган ютуқлари давлатимиз томонидан юқори баҳоланиб, муносиб тақдирлангани ёшларга ғайрат-шижоат бағишламоқда. Жумладан, боксчи Баҳодир Жалолов «Мустақиллик», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони ва бошқа мукофотлар билан тақдирланган. Эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов «Шуҳрат» медали ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони, боксчи Турсуной Раҳимова «Жасорат» медали билан мукофотланган. Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин. 

Ниҳоясига етган йилда «Динамо» жамияти ташкил этилганининг 100 йиллиги муносабати билан Россия­нинг Қозон шаҳрида ўтказилган мусобақаларда вакилларимиз ҳам самбо ва жанговар самбо бўйича иштирок этди. 16 нафар ҳарбий хизматчи ва ходимдан иборат терма жамоамиз 5 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади. 

Бугунги кунда «Динамо» ЖЦЖ Республика кенгаши стадионида ҳар куни минг нафардан ортиқ шуғулланувчилар юнон-рум кураши, эркин кураш, аёллар кура­ши, бокс, дзюдо, самбо, сузиш, қўл жанги, ушу, ўқ отиш, триатлон бўйича шуғулланиб келмоқда. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент Давлат хавфсизлик хизматининг ходим ва ҳарбий хизматчилари ҳам жисмоний ва жанговар тайёргарлигини оширмоқда. 

Эркинжон ҚАЮМОВ,

 «Динамо» ЖЦЖ раиси ўринбосари.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

ўз мухбиримиз.