Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами муносабати билан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида фахрийлар иштирокида байрам тадбири ташкил этилди. Соҳада узоқ йилллар ишлаб нафақага чиққан 200 нафардан зиёд фахрий бошқармага таклиф этилди.

Дастлаб улар учун ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил қилинди. Устозлар хизматда фойдаланиб келинаётган янги ҳарбий техникаларни кўздан кечириб, ёш ходимлар билан мулоқот қилишди. Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходимларининг кўргазмали чиқиши ҳам уларда катта таассурот қолдирди.

Шу куни байрам дастурхони ёзилиб, шукрона тадбири ҳам ўтказилди. Тадбир давомида бир гуруҳ фахрийлар Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматовнинг ташаккурномаси ва вилоят Иибнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Фарғоналик таниқли санъат намоёндаларининг дилтортар қўшиқлари фахрийларнинг қалбига хушнудлик баҳш этди. Улар бир пиёла чой устида самимий суҳбат қуриб, мустақиллик неъматларига шукрона айтдилар.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.