Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи томорқачиликни ривожлантиришдир. Мавжуд аҳоли томорқалари ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида вилоятнинг барча туманларида ишлар амалга изчиллик билан оширилди. Айниқса, турмуш тарзи оғир кечаётган, пандемия туфайли қийин вазиятда, даромадсиз қолган оилаларга ўзларини тиклаб олишлари учун иссиқхона қуриб бериш тажрибаси оммалашди.

Фикримизни биргина Пешку туманида олиб борилган кенг қамровли ишларга қарацак. Туманда айни вақтга қадар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар ва улардаги меҳнатга лаёқатли 102 нафар фуқаронинг ҳар бирига 9 миллион сўм миқдорида бўлган бир сотихли ихчам иссиқхоналар қуриб берилди. Шунингдек, “Темир дафтар”дан ўрин олган 16 та оиланинг ҳар бирига “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағи ҳисобидан, қолаверса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2,2 миллион сўмдан субсидиялар ва қатор имтиёзлар ажратилди. Бундан ташқари, тумандаги 503 нафар фуқаронинг хонадонларига янги турдаги бир сотихли иссиқхоналар қуриб берилиб, улардан 430 нафарига иссиқхона нархининг ярми, аниқроғи, 1 миллион 650 минг сўмдан субсидия сармояси ажратиш натижасида имконият яратиб берилгани ҳам мақсадга мувофиқ иш бўлди. 

Ерга таёқ қадасанг кўкарадиган серҳосил заминимизнинг қулайликларидан ўз вақтида унумли фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида туманда яна бир эзгу ташаббусга қўл урилди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар асосида қурилаётган иссиқхоналардан фарқли равишда, туман ҳокимлиги кўмаги билан ҳеч қандай тўловларсиз 1 ва 2 сотихли иссиқхона қуриб бериш ишлари амалга оширилмоқда. Ана шундай имкониятдан “Темир дафтар”га киритилган 14 та оила баҳраманд бўлди.

Умуман, туманда эҳтиёжманд аҳоли вакилларидан 605 нафарига худди шу тартибда иссиқхоналар қуриб берилган бўлиб, айни кунда уларда помидор, бодринг, картошка, пиёз, булғор қалампири ва бошқа маҳсулотлар етиштириш ишлари бошлаб юборилган. Манзилли рўйхат асосида маҳаллаларда бу ишларни давом эттириш орқали эҳтиёжманд оилаларга томорқасидан фойдаланишда кўмаклашиш билан бир қаторда, уларни камбағалликдан чиқариш каби эзгу мақсадлар кўзда тутилган. 

М. АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.