Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида ўрганишлар олиб борди. Ишчи гуруҳ Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармасида бўлиб, тезкор вазиятлар ва таҳлил маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Бошқарма раҳбарияти ва ходимлар билан ўтказилган мулоқотда марказ фаолиятини янада такомиллаштириш, шаҳарда жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга қаратилган тезкор профилактик тадбирларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Бағдод туманидаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида олиб борилган ўрганишлар ҳам жуда сермаҳсул кечди. Ишчи гуруҳ туман ҳокимлиги вакиллари, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари ва аҳоли билан мулоқот қилиш жараёнида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш, паррандачиликни ривожлантириш, коммунал соҳадаги муаммоларни тизимли бартараф этиш бўйича тавсиялар беришди.

Шунингдек, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаолияти ҳам ўрганилди. Маҳалла ҳудудида ёшлар томонидан барпо этилган иссиқхона мажмуасини, мебелъ ясаш сехини кўздан кечиришди.

Кейинги манзил Риштон туманидаги Тўхтасин Аҳмедов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Бу ерда ўтказилган ўрганишлар чоғида асосий эътибор ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига қаратилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари Олтиариқ туманидаги учинчи сектор ҳудудида амалга оширилаётган ишларни ҳам ўрганишди.

Шунингдек, Фарғона шаҳри ҳудудида барпо этилаётган 300 гектарлик «Янги Ўзбекистон боғи» лойиҳаси билан танишиб, у ерда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирдилар.

Айтиш керакки, республика бўйича криминоген вазият оғир ҳисобланган 830 та маҳалланинг 89 таси Фарғона вилоятида жойлашган. Шу боис вилоятдаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, хизмат интизомига риоя этилиши ҳамда йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш мақсадида махсус тезкор-профилактик тадбирлар олиб борилди.

Тадбирлар давомида 51 та жиноий ва 98 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди. Қидирувда бўлган 14 нафар шахс ушланди, илгари содир этилиб очилмасдан қолаётган 42 та жиноят фош этилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари «ўчоқ»ларини аниқлаш ва йўллардаги вазиятни яхшилашга қаратилган махсус профилактик тадбирлар давомида 2817 та умумий ҳамда 928 та қўпол қоидабузиш ҳолатлари аниқланди.

Ўрганишлар якуни бўйича Президент маслаҳатчиси ҳамда вазир ўринбосари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, секторлар фаолиятини янада яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.