Фарғона вилояти ҳокимининг тегишли қарори билан 13-февралдан 19-феврал кунига қадар “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги (Cйбер-Wеэк)” бошланди.
Республикада илк маротаба, тажриба тариқасида ўтказилаётган тадбир муносабати билан матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда вилоят ҳокимлиги, ИИВ ҳамда вилоят ИИБ раҳбарлари, ОАВ вакиллари, блоггерлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Анжуманда таъкидланганидек, ҳафталик доирасида бўлиб ўтадиган тадбирларни мувофиқлаштириш мақсадида вилоят ишчи гуруҳи тузилиб, комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари режаси ҳамда ўтказиладиган танловлар низоми ишлаб чиқилди. Режага кўра, ҳафталик давомида “Киберхавфсизлик билимдонлари” интеллектуал ўйини ўтказилади. “10 та энг яқиним” ва “Биз бир оиламиз” хештеги остида ижтимоий тармоқларда челленжлар уюштирилади. Блогерлар ўртасида “Энг яхши контент” танлови ташкил қилинади.
Шунингдек, аҳоли ўртасида кибержиноятларга қарши курашишни тарғиб қилувчи “Энг яхши монолог”, “Энг яхши иншо”, “Энг яхши шеър” танловларини ўтказиш ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, “Банк картаси кодини ҳеч кимга бермайман” шиори остида катта ёшдаги аҳоли вакиллари, фахрийлар иштирокидаги тарғибот материаллари (видео, фото) танлови, тиббиёт ходимлари ўртасида “Интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланаман” шиори остида видеороликлар танлови, маҳаллалар ўртасида кибержиноятларга қарши курашишни тарғиб қилувчи “Энг яхши маҳалла” танловини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
Матбуот анжумани давомида журналистларни қизиқтирган саволларга ишчи гуруҳи аъзолари томонидан жавоб қайтарилди. Ёшлар ва жамоатчилик вакиларининг таклифлари эшитилди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
