Маълумки, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш ва ушбу мурожаатлар билан ишловчи ходимларнинг ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган ҳолда, уларнинг малакасини ошириш энг муҳим ва долзарб масалалардан бири бўлиб келмоқда. Шу муносабат билан фуқароларнинг мурожаатлари билан ишловчи ходимларнинг малакасини оширишнинг янги тартиби ишлаб чиқилди. Мазкур тартибни амалиётга жорий этиш мақсадида жорий йилнинг

7-октабр санасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан иш олиб борувчи ходимлари малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 582-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан тасдиқланган низом асосида Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан иш олиб борувчи ходимларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби белгиланди.

Низомга кўра жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан иш олиб борувчи ходимлар деганда, келиб тушган мурожаатларини қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек, мурожаатларнинг ҳисоботини юритиш ва кўриб чиқилишини назорат қилиш мақсадида давлат ташкилотларида ташкил этилган бўлим, бўлинма ёки гуруҳларнинг раҳбарлари ва ходимлари назарда тутилган.

Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар малакасини ошириш ҳар 3 йилда камида бир марта амалга оширилади ва малака ошириш курсида ўқитиш вақти

12 соатни ташкил этади.

Малака ошириш курслари таълим муассасалари сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва унинг филиалларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва унинг филиалларида тўлов-шартнома асосида ташкил этилади.

Малака ошириш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:

таълим муассасаси ва унинг филиалларида ўқитиш;

ходимларнинг иш жойида ўқитиш;

масофавий таълим орқали ўқитиш.

Малака ошириш курслари ўқув дастурига мувофиқ белгиланган мавзулар (модуллар) бўйича синов имтиҳонини топшириш билан якунланади.

Малака ошириш якуни бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўтган тингловчиларга ўқув курсининг номи ва ҳажми кўрсатилган ҳолда, малака ошириш курсларини якунланганлик учун белгиланган намунадаги сертификат берилади.

Синов имтиҳонини топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) тингловчига сертификат берилмайди. Бундай ҳолатда тингловчига малака ошириш курсида қатнашганлиги тўғрисида маълумот берилади.

Малака ошириш курсларига қабул қилинган тингловчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даврида асосий иш жойи бўйича сақлаб қолинади.

Ўз навбатида, мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларнинг маълумотлари базаси тегишли равишда Адлия вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан шакиллантирилади ҳамда юритилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари билан ишловчи ходимларнинг малакасини ошириш тизимини сифатли йўлга қўйиш - ушбу ходимларнинг касбий билимлари ва кўникмаларини янгилаш ва чуқурлаштиришга, улар тайёргарлигининг зарур ва етарли даражаси, билимлари ва амалий маҳоратларини янада юксалтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг муаммоларини чуқур таҳлил қилган ҳолда тез ва сифатли ҳал этилишига хизмат қилади.

 

Ҳ.Шарипов

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Юристлар малакасини ошириш маркази ходими