Эътироф

Фуқаролик қандай бахт эканини бошидан ўтказган билади! Ота-онам асли Тожикистон Республикасидан! Тақдир тақозоси билан 2009 йилда Ўзбекистон Республикасига кўчиб келганмиз. Ўшанда мен бор йўғи тўрт ёшда эдим. Бизга фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномаси берилганди. Сардоба туманининг Қўрғонтепа маҳалласида қавму қариндошларимиз борлиги, кўпчилиги эски танишлиги сабабми тезда кўникиб кетдик. Лекин, барибир яшаётган мамлакатимиз фуқароси эмаслигимиз кўнглимизнинг бир четида тугун бўлиб турарди. Тожикистон Республикасида қолган қариндошларимиз ҳолидан хабар олишда муаммолар бор эди. Ота-онамнинг маҳаллий бошқарув тузилмаларига ишга киришида ҳам қандайдир ёндашувлар мавжудлигини сезардик. Гарчанд таълим олишимда муаммо бўлмаган бўлса-да, ўртоқларим орасида ўзимни ноқулай ҳис қилардим. Чунки улар каби мен ўзбекистонлик эмасдим. 2021 йилда ва ниҳоят биз кутган баҳор келди. Дадамга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди. Шу куни уйимизда байрам бўлиб кетди. Аям ош дамлаган, дастурхон тузатилган! Ўшанда катта одамнинг йиғлаганини илк бор кўрганман. 

Ўрта мактабни тугатиш арафасида тенгдошларимнинг кўплари туман Иибга бориб фуқаролик ҳужжатига эга бўлишди. Бир-иккита дугоналарим Ўғилой сен нега ИД карта олмаяпсан деган саволга жавоб бериш менга оғир эди. Кўпинча вазиятдан индамасдан чиқиб кетардим. 

Яқинда эса мени ҳам Сардоба тумани ИИБ М ва ФРБ чақиришди. Бир неча ой олдин фуқароликни олиш юзасидан тегишли ҳужжатларни топширган эдим. Эшикдан кириб бораяпман, юрагим бошқача уради. Менинг мурожаатим қаноатлантирилдимикан? Ахир қанчадан-қанча орзуларим шу ҳужжат билан боғлиқ! Олий таълимга кириш, чет элларда бўлиш, оила қуриш, ишга жойлашишда ҳамма тенг ҳуқуқларга эга бўлиш мен учун жуда муҳим эди. Мени Сардоба тумани ИИБ М ва ФРБ бошлиғи, катта лейтенант Сайфиддин Бекмуродов кутиб олди. Менга қараб жилмайиб туришидан кўнглим кўтарилди. У кишининг “табриклайман, сиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиндигиз” деган сўзларидан бошим айланиб кетди. Юрагим кўксимга сиғмасди. Ўша пайтдаги ҳиссиётларимни сўз билан таърифлай олмайман. 

Мана ўша қўлимда миттигина ИД карта! Уни авайлаб кўксимга босиб олганман. Ким учундир у оддий ҳужжатдир. Лекин у менга катта ҳаёт дарвозаларини очиб берган олтин калитдек гап!  

Ташаккур! Ҳаммаси учун! 

Ўғлой ОМОНОВА,

Сардоба тумани, 

Сирдарё вилояти