Касб фидойиси
Мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида ўз касбига меҳр қўйган изланувчан, тиришқоқ ва жонкуяр ходимлар талайгина. Улардан бири Юқоричирчиқ тумани “Фаровон” маҳалласига хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори, катта лейтенант Умеджон Бегмухамедов саналади.
Тажрибали, узоқни олдиндан кўра биладиган бу инсон тинимсиз хизматлари эвазига маҳалла аҳлининг ҳам ишончини қозона олди. Айниқса, содир этилган жиноятларни “иссиқ изида” фош этиб, ўзига хос ташаббус кўрсатиб келмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар эса, бугунги кунда 3 минг 200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган ушбу маскан тинчлик-хотиржамлигига муҳим пойдевор бўлмоқда.
Жумладан яқинда ҳам ҳудуд осойишталигини таъминлаш йўлида тунги соат тахминан, 00:30 ларда маҳаллани айланиб юрган профилактика инспектори 2 нафар бегона кимсага кўзи тушади. Ушбу шахсларни бироз кузатиб, ҳаракатларидан шубҳаланган инспектор аста-секинлик билан уларнинг ёнига яқинлаша бошлайди. Бироқ, осойишталик посбонини кўрган фуқаролардан бири “оёғини қўлига олганча” қочади. Унинг соҳавий хизматлар ходимлари билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида қонунбузар қўлга олинади. Шундан сўнг, жиноятчилар яхшилаб кўздан кечирилганида, уларнинг ёнидан 28 та кичик ҳажмдаги елим халтачаларда гиёҳвандлик моддаси топилади.
Қисқа қилиб айтганда, юртимизда Умеджон каби ғайрат-шижоатли, уддабурон ва соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшадиган профилактика инспекторлари бор экан, халқимиз тинчлик-осойишталиги шунчалик бардавом бўлаверади.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
