Касб фидойиси
ИИВ ЖИЭД учинчи минтақавий ҳудуд 40-манзил колонияси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Сирдарё вилоятида гашиш гиёҳванд моддасини сотиш ҳолати аниқланди.
Ховос шаҳарчасида яшовчи, 1972 йилда туғилган Н.Н. гашиш гиёҳванд моддасини «харидор»га сотаётган вақтда ушланган. Бунда манзил колониясининг тезкор қидирув гуруҳи тезкор вакиллари, лейтенантлар Абдуллоҳ Абдунабиев ҳамда Элёр Олломуродовлар фидойилик намунасини кўрсатишди. Қўлга тушган шахснинг уйида ўтказилган текширув натижасида гиёҳвандлик моддасини тайёрлаш, истеъмол қилиш учун зарур воситалар ашёвий далил сифатида олинди.
Абдуллоҳ Абдунабиев 2000 йилда Ширин шаҳрида туғилган. ИИВ академиясини тугатиб, мазкур муассасада хизмат фаолиятини бошлаган. У ҳамкасблари орасида ўз ишига масъулиятли, билимли, интилувчан ходим сифатида ҳурмат қозонишга улгурди.
Лейтенант Элёр Олломуродов эса 1996 йилда Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган. 2022 йилда ИИВ академиясини тугатиб, 40-манзил колонияда тезкор вакил вазифасида фаолият юритмоқда.
Ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти.
