Сирдарё вилояти ИИБ ҳамда Дххнинг вилоят бўйича бошқармаси тезкор ходимлари томонидан гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланган гуруҳ фаолиятига барҳам берилди.
Тезкор тадбир давомида Сайхунобод тумани «Ўрикзор» маҳалласида жойлашган «Сайхун» блок постида «Спарк» русумли автомобил тўхтатилган. 1993 йилда туғилган, Қўқон шаҳрида яшовчи З.Ш. бошқарувидаги автомобил кўздан кечирилганда, ўриндиқ тагидан целлофан пакетга солинган 16 дона «Тропикамид», 82 дона «Регапен» ва 8 дона «Селофен» номли таркибида кучли таъсир қилувчи модда бўлган дори воситалари топилди. Автомашина салонидан электрон тарози ва 0,93 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди. Ҳайдовчининг чўнтагида жами 90 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланди.
З.Ш. ушбу дори воситаларини Сирдарё туманида яшовчи таниши Д.З. ва унинг жиноий шерикларининг буюртмасига асосан олиб келаётганлигини айтган. Унинг кўрсатмаси асосида ўтказилган тадбир давомида фуқаро Д.З. Сайхунобод тумани «Ўзбекистон» маҳалласида «Нексия» русумли автомобилда ўтирган пайтида ушланган. Унинг ёнида 1,66 грамм бўлган гашиш, сумкасида 15 дона дори воситаси, 1,90 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
“Постда” мухбири.
Сирдарё вилояти.
