Наманган вилоятининг Косонсой туманида кўриш имконияти чекланган мактаб ўқувчилари ўртасида шашка бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мултимедиа марказининг хабар беришича Яшнобод туманидаги 77-сонли “Нурли маскан” ўқувчилари пойтахт шарафини муносиб ҳимоя қилишган.
Жумладан, ўқувчи-ёшлар шашканинг классик ва рапид йўналишларида ўзаро баҳс юритишди. Қизғин ўтган баҳсларда 77-сонли “Нурли маскан” таълим муассасасининг 8 нафар ўқувчиларидан ташкил топган Тошкент шаҳар терма жамоаси 6 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар Тошкент темирйўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди. Умумтаълим масканида уюштирилган маросимда ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди. Тадбирда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи Яшин Султонов, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Абдурашид Очилов иштирок этди.
Сарвар СОБИРОВ,
“Постда” мухбири.
