Янги йил оқшомидаги воқеа
Янги йил оқшомида Қорбобо билан Қорқиз Боғишамол қишлоғидаги хонадонларни айланиб, кичкинтойларга байрам совғаси улашарди. Кутилмаганда улар мол етаклаб келаётган йигитга дуч келиб қолишди.
– Байрамингиз муборак бўлсин! – деди Қорбобо йигит билан саломлашаркан. – Янги йил кечаси молни қаёққа олиб бораяпсиз?
Қорбобонинг саволидан ўзини йўқотиб қўйган йигит бироз калавланиб турди-да:
– Сотиб олдим, – деди ва ҳаяжонини яширолмай гапида давом этди. – Шу пайтгача зотдор сигирга дуч келмагандик. Яхшиям-ки, ҳарбийда хизмат қилган оғайним бор экан. Қўшнисининг сотмоқчи бўлиб қўйган сигирини савдолаша-савдолаша арзонгина менга олиб берди. Сигирни хотинимга байрам совғаси сифатида олиб кетяпман.
Ёшгина йигитнинг гапларини диққат билан тинглаган Қорбобо ундан шубҳаланса-да, сир бой бермай у билан хайрлашиб, тезда профилактика инспекторига хабар берди. У зудлик билан ёрдамчиси олиб тунги “меҳмон”га пешвоз чиқди. Хизмат кийимидаги осойишталик посбонларига кўзи тушган йигит эсанкираб қолди.
– Қаёққа шошяпсиз? – сўради профилактика инспектори.
– Уйга, – деди йигит атрофга олазарак кўз ташларкан. – Хотинимга сигир сотиб олгандим.
– Ахир бу ҳўкиз-ку! – “қаҳ-қа-ҳа” отиб кулиб юборди профилактика инспектори.
Кесилган арқонни ушлаб турган йигит ҳайрон бўлганича ҳўкизга қаради ва сири фош бўлганини билиб қоча бошлади.
Абжир ва чаққон осойишталик посбонлари тунги “меҳмон”ни шу заҳоти қўлга олишиб, ички ишлар бўлимига олиб келишди. Айбини тан олмаётган йигитга диққат билан разм солган профилактика инспектори ўзини тутиб туролмай яна кулиб юборди. Чунки, сигир ўрнига ҳўкиз етаклаб кетаётган ўғри ҳодиса жойида оёқ кийими изини қолдирмаслик учун туфлисининг устидан пайпоқ кийиб олганди.
Эртасига ички ишлар бўлими раҳбарияти жиноятчини қўлга олишдаги беғараз ёрдами учун ҳушёр Қорбобога миннатдорлик билдирди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
