Мамлакатимизда фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг фаровон турмуш кечириши учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда, айниқса, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг жамиятдан муносиб ўрин эгаллаши учун шароит яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани халқимизга хос азалий юксак фазилатларнинг ёрқин ифодасидир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 9-августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурига мувофиқ, Бухоро вилоятидаги 156 нафар чин етим болалар учун вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан хайрия аксияси ташкил этилди.

Аксия доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар дастлаб вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида тиббий кўрикдан ўтказилди. Турли мутахассисликдаги шифокорлар уларга керакли маслаҳатлар беришди ва даво муолажалари тавсия этилди. Даволаш чоралари соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимига кирувчи тиббиёт муассасалари томонидан назоратга олинди. Шундан сўнг, болалар Бухоро шаҳридаги замонавий “Бухоро” савдо мажмуига олиб борилди. Бу ерда улар турли кўнгилочар ўйинлар ўйнаб, замонавий аттраксионларда маза қилиб учишди. Бу эса юртимиздаги барча ўғил-қизлар меҳр ва ғамхўрлик оғушида эканлигидан далолатдир. Шунингдек, байрам дастурхони ҳам ташкил қилингани болажонларнинг бир қувончига ўн қувонч қўшди. Меҳр ва эътибор ўксик кўнгллларни тоғдек кўтарди.

Бу каби тадбирлар меҳрга муҳтож ўғил-қизлар қалбида менинг шундай Ватаним бор, дея фахр ва ифтихор туйғусини ошириши, эртанги кунга ишончини янада кучайтириши шубҳасиз. Шундай дамларда улар ортида давлат борлигини ва ташлаб қўймаслигини ҳис қилади. Жамиятнинг тўлақонли аъзосига айланади. Шунга кўра, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бу каби тадбирлар доимий тарзда ташкил этиб борилади.

Ҳ. ТУРДИЭВ,

Бухоро вилояти.