Касб фидойиси

Кичик сержант Зафарбек Райимберганов 2021 йилдан буён вилоят ИИБ ЖХХ ЖЦБ ППХ баталонида гуруҳ командири лавозимида хизмат фаолиятини бошлади. Устоз-мураббийларининг насиҳатларига амал қилган бу йигит касб сирларини қунт билан ўрганди. Зиммасидаги вазифаларни масъулият билан бажариб, самарали натижаларга эришишга интилди. Қолаверса, бошқармада ўтказилаётган турли тадбирларда, спорт мусобақаларида, жамоат ишларида ҳам фаол қатнашди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида у йилнинг энг фаол ёш ходими сифатида эътироф этилди.

Кичик сержант З. Райимберганов жорий йилнинг ўтган даври мобайнида назоратдаги ҳудудларда турли ҳуқуқбузарликлар содир қилган ҳамда шубҳа остига олинган 79 нафар фуқарони шахсини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларига олиб келган. Шундан 40 нафарига профилактика инспекторлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган, 9 нафари эса наркология диспансерига жойлаштирилган. Учта ҳолатда содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг барвақт олдини олишга эришган, 27 маротаба профилактик-тарғибот тадбирларида иштирок этган.

У яқинда Урганч шаҳри деҳқон бозорида адашиб қолган Н. Абдуллаеванинг фарзандини топишда амалий ёрдам берди. Кичик сержант Зафарбек Райимбергановга беминнат хизмати учун урганчлик Абдуллаевлар оиласи миннатдорлик билдирди. 

Худойберган ЖАББОРОВ,

ўз мухбиримиз.